Ўзбекистондаги мактабларда вақтинча ўтилмаётган фанлар қачондан давом этиши маълум бўлди

Ўзбекистондаги мактабларда вақтинча ўтилмаётган фанлар III чоракдан давом этиши маълум бўлди. Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.

Хабарга кўра, ўқув йилининг биринчи ярим йиллигидаги мавзулар вазирликнинг тавсияларига мувофиқ, тиғизлаштирилган ҳолда (мавзуларни қўшган ҳолда) ўтилади. Эслатиб ўтамиз, пандемия даврида ўқувчиларнинг соғлиғини ҳимоялаш, ижтимоий масофани сақлаш ва ортиқча мулоқот қилишларини олдини олиш мақсадида жорий ўқув йилининг I ва II чоракларида жисмоний тарбия, мусиқа маданияти, технология, тасвирий санъат, чизмачилик, ЧҚТБ ҳамда тарбия фанларини вақтинчалик ўтмаслик тавсия этилган эди.

Халқ таълими вазирлиги эпидемиологик вазият барқарорлашганлиги, бугунги кунга келиб деярли барча мактаблар фаолияти йўлга қўйилиб, 5,6 миллион нафар (90 фоиз) ўқувчи анъанавий шаклда таълим олаётганлигини ҳамда кўпчилик ота-оналар ва педагогларнинг таклифларини инобатга олиб, мактабларда ушбу фанлар III чоракдан яна давом этишини маълум қилди.

Аввалроқ Ўзбекистонда янги ўқув йилидан академик лицейларга қабул ДТМ тест синовлари орқали амалга оширилиши ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Ўзбекистонда ОТМларга кириш тестларини тузиш ва экспертизадан ўтказишнинг янги тартиби яратилгани ҳақида хабар берилган.