Ўзбекистонда ОТМларга кириш тестларини тузиш ва экспертизадан ўтказишнинг янги тартиби яратилади
Ўзбекистонда ОТМларга кириш тестларини тузиш ва экспертизадан ўтказишнинг янги тартиби яратилади. Бу ҳақда Давлат тест маркази хабар берди.
Маълумотларга кўра, 2020 йил 6 ноябрь куни Президентининг «Таълим-тарбия тизимини янада такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинган. Қарорнинг 9-бандида 2021 йил 1 январдан бошлаб давлат олий таълим ташкилотларига кириш учун тест синови топшириқларини тузиш ва экспертизадан ўтказишнинг янги тартиби жорий қилиниши белгиланган.
Мазкур қарорда белгиланган вазифалар ижросини сифатли таъминлаш мақсадида Давлат тест марказида Ўзбекистон Фанлар академияси, Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Давлат тест маркази ходимлари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтган.
«Йиғилишда Давлат тест маркази мутахассислари томонидан умумий ўрта таълим тизимидаги фанларнинг ўқув дастурларига мослаштирилган ҳолда, мантиқий фикрлаш, масала ва мисолларни бажара олиш қобилияти ва таълимнинг кейинги босқичига тайёргарлигини баҳолайдиган, компетенцияга асосланиб ишлаб чиқилган тест топшириқлари ва фан мазмуни лойиҳаси соҳа мутахассислари томонидан кенг муҳокама қилиниб, масала юзасидан таклиф ва мулоҳазалар билдирилди.
Муҳокама натижасида олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишларига кирувчилар учун тест синовлари ўтказиладиган фанлар мазмунининг таркиби ва тест топшириқларини тайёрлаш талаблари қайта ишлаб чиқилди», дейилади ДТМ хабарида.
Маълумот учун, ушбу ишлаб чиқилган фан спецификациялари асосида тест топшириқлари базасини яратиш, янги тест топшириқларини тузиш ишлари амалга оширилмоқда.
Мавзуга доир:
Аввалроқ Ўзбекистонда етим болалар ОТМда давлат таъминотида бўлиши ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Ўзбекистонда профессионал таълим муассасаларида бериладиган давлат намунасидаги ҳужжатлар тасдиқланган.