Ўзбекистоннинг ҳар бир ҳудудида камида биттадан нодавлат ОТМ ташкил қилинади

Ўзбекистонда 2021 йил 1 cентябрга қадар ҳар бир ҳудудда камида биттадан нодавлат ОТМ ташкил қилинади. Бу ҳақда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Таъкидланишича, Президентнинг «Ўзбекистоннинг янги тараққиёт даврида таълим-тарбия ва илм-фан соҳаларини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони қабул қилинди. Ўзбекистонда олий таълим соҳасида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш, олий таълим билан қамраб олиш даражасини ошириш мақсадида Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда 2021 йил 1 cентябрга қадар ҳар бир ҳудудда нодавлат, жумладан, давлат-хусусий шериклик асосида камида биттадан олий таълим муассасаси ташкил қилади.

Фармонга мувофиқ, миллий рейтингда сўнгги 3 йил давомида доимий равишда биринчи 3 та ўриндан бирини эгаллаган ОТМларга олий маълумотли кадрлар тайёрлаш бўйича академик ва молиявий мустақиллик берилади. Шунингдек, миллий рейтингда биринчи 10 таликдан бирини эгаллаган ОТМга мавжуд ихтисосликлар бўйича илмий унвонларни мустақил бериш ваколати берилади.

Аввалроқ Ўзбекистонда 5 та ОТМ кириш имтиҳонларини мустақил ўтказгани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар