Ўзбекистонда ўқувчиларнинг сўнгги 6 йилдаги баҳолари ОТМга кириш имтиҳонларида инобатга олинади
Шавкат Мирзиёевнинг 6 ноябрь куни қабул қилинган «Ўзбекистоннинг янги тараққиёт даврида таълим-тарбия ва илм-фан соҳаларини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонига кўра, ОТМга кириш имтиҳонларида мактаб ўқувчиларининг сўнгги 6 йилдаги кўрсаткичи инобатга олинади. Бу ҳақда ДТМ директори ўзининг Telegram каналида маълум қилди.
Фармонга мувофиқ, 2020/2023 ўқув йилидан бошлаб умумий ўрта, ўрта махсус таълим муассасалари ва касб-ҳунар мактаблари битирувчиларининг шаҳодатномасига мажбурий 11 йиллик таълимнинг сўнгги 6 йиллик баҳолари ўртача кўрсаткичи киритилади ва ушбу кўрсаткич олий таълим муассасасига кириш имтиҳонларида инобатга олинади.
Мавзуга доир: Ўзбекистонда ОТМга киришдаги тест синовлари мазмуни мактаб дастурларига мослаштирилади
Бунда, 2022/2023 ўқув йилига қадар Халқ таълими вазирлиги томонидан Aхборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда маҳаллий ижроия ҳокимияти органлари билан биргаликда ўқувчилар билимини баҳолаш жараёнини рақамлаштириш ва шаффофлигини таъминлаш мақсадида барча умумтаълим муассасаларида «Электрон кундалик» дастури жорий этилади.
Таъкидланишича, умумий ўрта, ўрта махсус таълим муассасалари ва касб-ҳунар мактаблари битирувчиларининг баҳоларини олийгоҳга кириш имтиҳонларида инобатга олиш тартиби 2021 йил 1 июнга қадар Давлат тест маркази томонидан Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Халқ таълими вазирлиги билан биргаликда ишлаб чиқилади ва Вазирлар Маҳкамасига киритилади.
Аввалроқ халқ таълими вазири Шерзод Шерматов АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида Ўзбекистонда ОТМга кириш имтиҳонларида мактаб ўқувчиларининг сўнгги 6 йилдаги кўрсаткичи инобатга олиниши ҳақида маълум қилганди.
Шунингдек, Ўзбекистонда тасвирий санъат бўйича республика танлови ғолиблари ОТМга имтиҳонсиз давлат гранти асосида кириши бекор қилингани ҳақида хабар берилганди.