Тошкент мактабларида тиббий ниқоб тақиш тартиби ҳақидаги хабарлар нотўғри талқин қилинган
Ижтимоий тармоқларда 30 октябрдан бошлаб Тошкент шаҳридаги мактабларда тиббий ниқоб тақиш тартиби жорий этилиши билан боғлиқ хабарлар тарқалди. Вазиятга Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати изох берди.

Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Нурмат Атабеков бу масалага муносабат билдирди.
Ижтимоий тармоқларда ушбу масала нотўғри талқин қилинмоқда. Аввало, уларда Ўзбекистон бош давлат санитария врачининг шу йил 26 сентябрдаги қарори асос қилиб кўрсатиляпти. Ҳужжат санасига эътибор беринг: у сентябрь ойида имзоланган. Аслида, ҳар йили мавсумий ўткир респиратор касалликлар ва грипп авж олишидан олдин бу каби қарорлар қабул қилиниб, жойлардаги муассасаларга тегишли тавсиялар бериб келинади, — деб таъкидланади хабарда.
Қайд этилишича, қарорда эпидемик вазият мураккаблашганда тиббий ниқоб тақиш белгиланган. Шунингдек, ҳозир эпидемик вазият барқарорлиги ва мактабларда ёппасига ниқоб тақиш зарурати йўқлиги маълум килинган.
Агар гуруҳда касалланган болалар бўлса, ўша бемор билан мулоқотга киришиш эҳтимоли бор жойлардагина ниқоб тақиш тавсия этилади. Ҳужжатда айтиб ўтилган тиббий ниқоб тақиш тартиби жойларда вазиятга қараб ҳал қилинади. Буни зинҳор ёппасига шундай тартиб жорий қилиняпти, деб талқин қилмаслик керак, — дейилади хабарда.
Мазкур қарорга жойлардаги эпидемик вазият қай даражада мураккаб ёки мураккаб эмаслигидан келиб чиқиб, тегишли чора қабул қилиш учун мўлжалланган одатий ҳужжат сифатида қаралиши керак эканлиги хабар қилинди.




