Ўзбекистонда ОТМга киришдаги тест синовлари мазмуни мактаб дастурларига мослаштирилади
Ўзбекистон олий таълим муассасаларига киришдаги тест синовлари мазмуни 2021 йилнинг 1 августига қадар мактаб дастурларига мослаштирилади. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг «Huquqiy axborot» Теlegram каналида хабар берилди.
Таъкидланишича, Президентнинг 6 ноябрдаги қарорига кўра, 2021 йил 1 августга қадар болаларни бошланғич таълимга мажбурий бепул бир йиллик тайёрлаш чоралари кўрилади. Туман (шаҳар) халқ таълими бўлимларида юридик шахс мақомисиз Болаларни ижтимоий-психологик қўллаб-қувватлаш марказлари ташкил этилади. Шунингдек, 2021/2022 ўқув йилида психология соҳасидаги таълим йўналишлари бўйича давлат буюртмаси асосидаги қабул параметрлари 30 фоизга оширилади.
Қарорга кўра, 2021 йил 1 январдан:
- давлат олий таълим ташкилотларига кириш учун тест синови топшириқлари давлат таълим стандартлари ва ўқув дастурлари асосида тузилиб, тест синови материалларининг маъно-мазмуни умумий ўрта таълим тизимидаги фанларнинг ўқув дастурларига мослаштирилади;
- туман (шаҳар) халқ таълими бўлимлари ҳузурида юридик шахс мақомига эга бўлмаган халқ таълими ходимларини рағбатлантириш жамғармалари ташкил этилади.
Қайд этилишича, қарор билан халқ таълими тизими раҳбар ва мутахассис ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти Абдулла Авлоний номидаги халқ таълими муаммоларини ўрганиш ва истиқболларини белгилаш илмий-тадқиқот институти сифатида қайта ташкил этилди. Шунингдек, «Педагог ходимларнинг мақоми тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилади.
Аввалроқ Ўзбекистонда таълимнинг Миллий ўқув дастури ишлаб чиқилгани ҳақида хабар берилганди.