«Чинозлик Аҳмадбой»нинг ёрдамчиси 9 йилга қамалди

«Чинозлик Аҳмадбой»нинг 2015 йилга қадар ёрдамчиларидан бўлган ва халқ орасида «Муродбой» номи билан танилган Мирзамурод Юнусалиев ва унинг жиноий шерикларига нисбатан суд ҳукми ўқилди. Бу ҳақида Kun.uz хабар берди.

Фото: «Kun.uz»

Маълум қилинишича, фуқаро Мирзамурод Юнусалиев 27 август Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми «а», «в» бандлари (Фирибгарлик), 184-моддасининг 3-қисми (Бюджет ва смета-штат интизомини бузиш), 228-моддасининг 3-қисми ва 243-моддалари (Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш)да назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилди.

Суд жиноий гуруҳ раҳбари бўлган Мирзамурод Юнусалиевга 9 йил, унинг шериклари Ғофуржон Муроджоновга 8 йил, Амиран Қудратовга 8 йил, Эркин Шариповга 8 йил, Сирожиддин Йўлчиевга 6 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади.

Бундан ташқари, гуруҳнинг қолган 8 нафар аъзоси Жиноят кодексининг 72-моддаси (Шартли ҳукм қилиш)га асосан тайинланган озодликдан маҳрум қилиш жазосидан шартли равишда озод қилиниб, 3 йил синов муддати белгиланди.

Маълумот учун, 2017 йил май ойидан қидирувда бўлган Мирзамурод Юнусалиев 2019 йил 27 апрель куни қўлга олинган. У қидирувдалиги боис ҳаракатдан тўхтатиб қўйилган жиноят иши қайта тикланганди.

Шунингдек, ДХХ Тергов бошқармаси томонидан тергов қилинган Аҳмаджон Турсунбоевга нисбатан жиноят ишидан алоҳида иш юритувига ажратиб олинган жиноят иши бўйича олиб борилган дастлабки тергов ҳаракатлари 2020 йилнинг бошида ниҳоясига етгани ҳақида хабар берилган эди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ, «Чинозлик Аҳмадбой» устидан ҳукм чиқарган судья Хайриддин Шермуҳамедов коронавирусдан вафот этгани ҳақида хабар берилган энди.