Конимехда қарийб 17 млрд сўм солиқ қарздорлиги ундирилди

Навоий вилояти Конимех туманида қарийб 17 миллиард сўм солиқ қарздорлиги ундирилди. Бу ҳақда Мажбурий ижро буюроси ахборот хизмати «Tez News»га хабар берди.

Хабарга кўра, Конимех туман Давлат солиқ инспекциясининг июль ва август ойларида қабул қилган қарорига асосан қарздор «Қизилқум Фосфорит Комплекси» МЧЖдан давлат фойдасига 15 та ижро ҳужжати бўйича 16 миллиард 898 миллион 500 минг сўмлик солиқ қарзини ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжатлари бюронинг Конимех туман бўлими иш юритувига 2020 йил август ойида келиб тушган. Ижро иши юритувини қўзғатиш тўғрисида қарорлар давлат ижрочиси томонидан қабул қилиниб, тарафларга юборилган.

Қайд этилишича, олиб борилган ижро ҳаракатлари давомида қарздор «Қизилқум Фосфорит Комплекси» МЧЖ ва унинг олдидаги ташкилот ҳамда корхоналарнинг дебитор қарздорликлари ўрганилиб, уларга ҳам электрон инкассолар қўйилган.

Шунингдек, жамиятнинг ундирувга қаратилиши зарур бўлган мол-мулклари ва даромадларини аниқлаш мақсадида тегишли ташкилотларга сўровномалар юборилиб, унга тегишли бўлган бир қанча автотранспорт воситалар борлиги аниқланган.

Ижро жараёнида 9 турдаги авторанспорт воситалар («Lada X-Ray», «Lacetti», «Nexia Donc» 2 та, «Lacetti 2», «Nexia Donc», «Камаз-6520 6х4», «МАЗ-555102-233», «МАЗ-555102-233», «Cobalt – lt 1,5 l») реализация қилиш мақсадида ҳатланган ва мазкур мулклар 17 сентябрда баҳоланиб, сотилиши мумкинлиги ҳақида жамият мутасаддилари огоҳлантирилган.

Кўрилган чоралар натижасида 16 миллиард 898 миллион 500 минг сўмлик солиқ қарзи ҳамда қарздорлик белгиланган муддатда тўланмаганлиги сабабли мажбурий чора сифатида қўлланилган 282 миллион 135 минг сўмлик ижро йиғими «Қизилқум Фосфорит Комплекси» МЧЖдан ундирилган. Натижада «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги қонуннинг 41-моддасига (Ижро иши юритишни тамомлаш) асосан 15 ижро ҳужжатлари амалда ижро этилган.

Аввалроқ Сурхондарёда ғишт заводи хатловга олиниб, 215 миллион сўмдан ортиқ, Тойлоқда салкам 286 миллион сўм солиқ қарздорлиги ундирилгани ҳақида хабар қилинганди.

Янгиликлар