Тойлоқда салкам 286 млн сўм солиқ қарздорлиги ундирилди
Мажбурий ижро бюроси Самарқанд вилояти Тойлоқ туман бўлими томонидан Давлат солиқ инспекцияси фойдасига 285 миллион 888 минг сўм солиқ қарздорлиги ундирилди. Бу ҳақда «Tez News» мухбири хабар берди.
Маълум бўлишича, Тойлоқ туман Давлат солиқ инспекциясининг қарорига асосан қарздор «Sam Ideal Stroy» маъсулияти чекланган жамиятидан ундирувчи Давлат солиқ инспекцияси фойдасига солиқ қарздорлигини ундириш белгиланган.
Мазкур ҳужжат асосида МИБ Тойлоқ туман бўлими иш юритувига келиб тушган ва ижро иши қўзғатилиб томонларга юборилган.
Таъкидланишича, ижро ҳаракатлари давомида қарздорга тегишли банкдаги ҳисоб-рақамига давлат ижрочисининг қарорига асосан банд солинган ва унга тегишли бўлган мол-мулкларни аниқлаш мақсадида мутасадди сўров хатлари юборилган.
Аввалроқ Андижонда 170 миллиард сўмдан зиёд кредит қарздорлиги тўлангани ва Марҳаматда 700 миллион сўмдан ортиқ солиқ қарздорлиги ундирилгани ҳақида хабар берилган эди. Кейинчалик Қўрғонтепада юк машинаси хатлангандан сўнг 117 миллион сўм кредит қарзи тўлангани ва Самарқандда алимент тўламай келган эркакдан 45 миллион сўмдан ортиқ пул ундирилгани маълум қилинди.