Олий суд фуқароларни 24 млрд сўмдан ортиқ маблағга чув туширган агентлик иши бўйича баёнот берди

Олий суд матбуот хизмати 28 сентябрь, душанба куни «‘Korean and migrations’ xususiy bandlik agentligi» МЧЖ масъулларига оид жиноят иши бўйича расмий баёнот берди.

Таъкидланишича, 28 сентябрь куни соат 14:30 да жиноят ишлари бўйича Яккасарой туман судида ушбу жиноят иши доирасида жабрланувчи сифатида ўтаётган шахслар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари учун махсус брифинг ташкил этилган. Унда мазкур жиноят иши юзасидан жабрланувчиларга етказилган моддий зарарни ундириш муддати ва тартиби бўйича ҳуқуқий тушунтириш берилган.

Маълум қилинишича, 2020 йил 14 сентябрь куни жиноят ишлари бўйича Яккасарой туман судида судланувчилар:

  • Қаҳрамон Отақулов (1979 йилда Бухоро вилоятида туғилган, муқаддам судланган, «‘Korean and migrations’ xususiy bandlik agentligi» МЧЖ директори);
  • Одил Кабилов (1963 йилда Наманган вилоятида туғилган, муқаддам судланган, агентликнинг Наманган вилоят филиали директори);
  • Хушвақт Турдиев (1973 йилда Қашқадарё вилоятида туғилган, муқаддам судланмаган, агентлик таъсисчиси);
  • Мусурмон Алиқулов (1970 йилда Қашқадарё вилоятида туғилган, муқаддам судланмаган, агентликнинг ўқув ишлари бўлими директори);
  • Анваржон Шамшиддинов (1983 йилда Наманган вилоятида туғилган, муқаддам судланган, агентликнинг Наманган вилоят филиали иш юритувчиси);
  • Орифжон Жўраев (1983 йилда Наманган вилоятида туғилган, муқаддам судланмаган, агентликнинг Наманган вилоят филиали ғазначиси);
  • Мавлуда Отажонова (1969 йилда Самарқанд вилоятида туғилган, муқаддам судланган, агентлик ҳисобчиси);
  • Раъно Нуралиева (1976 йилда Қашқадарё вилоятида туғилган, муқаддам судланмаган, агентликнинг кадрлар бўлими инспектори);
  • Канг Нам Кю (1968 йилда Корея Республикасида туғилган, муқаддам судланган, агентликнинг ҳамкори);
  • Жолол Хидиров (1987 йилда Самарқанд вилоятида туғилган, муқаддам судланмаган, воситачи);
  • Ирода Жабборова (1986 йилда Қашқадарё вилоятида туғилган, муқаддам судланмаган, агентлик агенти) ва Фурқат Камаловга (1970 йилда Тошкент вилоятида туғилган, муқаддам судланган, воситачи)га нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича очиқ суд жараёни жараёни ниҳоясига етган ва суд ҳукми эълон қилинган.

Суд ҳукмига кўра, судланувчилардан солидар тартибда жабрланувчилар фойдасига жами 19 551 004 674 сўм моддий зарар ундириш, Ички ишлар вазирлиги депозит рақамига топширилган жами 7 831 973 502 сўм пул маблағлари ва 573 856 519,6 сўмлик хатланган мол-мулклар етказилган моддий зарарнинг ўрнини қоплашга қаратиш белгиланган.

Дастлабки тергов органи томонидан 2372 нафар фукароларнинг жами 24,2 миллиард сўм пул маблағлари фирибгарлик йўли билан кўлга киритганлик кўрсатилган бўлиб, жиноят иши қўзғатилгунга қадар 2,95 миллиард сўм жабрланувчиларга қопланган ва суд жараёнида айрим жабрланувчилар даъводан воз кечган.

Олий судга кўра, бугунги кунда жиноят ишлари бўйича Яккасарой туман судининг 2020 йил 14 сентябрдаги ҳукми қонуний кучга кирмаганлиги сабабли ижрога қаратилмаган.

«Ушбу ҳукм устидан судланувчи М.Алиқулов ва Х.Турдиев, адвокат М.Абудухаликов, фуқаровий даъвогар Ж. Норходжаев томонидан апелляция тартибида шикоятлар ҳамда Яккасарой туман прокурори томонидан протест келиб тушган. Мазкур шикоятлар ва протест жиноят иши ҳужжатлари билан бирга жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судининг апелляция инстанцияда кўриб чиқилиши учун расмийлаштирилмоқда», дейилади Олий суд хабарида.

Аввалроқ «Straus House» мансабдор шахсларига нисбатан суд ҳукми эълон қилиниб, компания таъсисчиси 9 йилга озодликдан маҳрум этилгани, Сирдарёдаги қурилиш ишларида 1,5 миллиард сўмдан ортиқ маблағ талон-торож қилингани маълум бўлганди.

Янгиликлар