Қирғизистондан Наманганга улоқтирилган гашишни сотмоқчи бўлган шахс ДХХ томонидан қўлга олинди
Наманган шаҳрида гашиш сотмоқчи бўлган фуқаролар ДХХ томонидан қўлга олинди.
ДХХ Наманган вилояти бошқармаси ходимлари томонидан Наманган шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда Янгиқўрғон тумани «Қизилёзи» МФЙда яшовчи Сайдисмон Қамбаров бошқарувидаги «Tico» русумли автомашина текширилганда юкхонасида 1085 грамм гашиш гиёҳванд моддаси борлиги аниқланган. Маълум бўлишича, 1952 йилда туғилган бу фуқаро муқаддам икки маротаба судланган.
Терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида аниқланишича, у Янгиқўрғон тумани Заркент қишлоғи «Маданият» МФЙ ҳудудидан ўтган давлат чегараси яқинида қирғизистонлик Ақилбек исмли шахсдан ушбу гиёҳвандлик воситаларини қабул қилиб олган. Сўнг уни Наманган шаҳрида сотишни режалаштирган.
Яна бир ҳолатда ДХХ ходимларининг вилоят ИИБ билан ҳамкорликда ўтказган тезкор тадбири давомида Наманган шаҳрига киришда «Nexia» русумли автомашина тўхтатилиб, холислар иштирокида кўздан кечирилган. Унда йўловчи сифатида кетаётган, 1981 йилда туғилган, Наманган шаҳрида яшовчи Толиб Турғуновнинг ёнида 482 грамм гашиш моддаси борлиги аниқланиб, процессуал тарзда расмийлаштириб олинган.
Ҳозирда мазкур ҳолатлар бўйича Жиноят Кодексининг тегишли моддаларига асосан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ Самарқандда 500 минг сўмлик гашиш гиёҳвандлик моддасини сотаётган шахс қўлга олингани, Поп туманида чўнтагидан салкам 2,5 грамм марихуана топилган фуқаро ушлангани ҳақида хабар қилинганди.