Фоторепортаж: Бўстонлиқда умумий қиймати 27 млрд сўм бўлган дам олиш маскани очилди
Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида 27 декабрь куни умумий қиймати 27 миллиард сўм бўлган «Seven tree» дам олиш маскани очилди. Бу ҳақда очилиш маросимида иштирок этган «Tez News» мухбири Ирода Жўраева хабар берди.
Мазкур лойиҳанинг умумий қиймати 27,0 миллиард сўмни ташкил этади. Дам олиш масканининг очилиши натижасида 150 та янги иш ўрни яратилди.
Қайд этилишича, лойиҳанинг умумий қиймати — 2 миллион 700 минг доллар. Шундан 2 миллион 500 минг доллари инвестор ҳисобидан, 200 минг доллари корхона маблағлари ҳисобидан қурилган. Бундан ташқари, 2020–2021 йилларда мавсумий 75 та ва доимий 25 та иш ўринлари ташкил этилади. Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси томонидан лойиҳани амалга ошириш учун 9 гектар ер майдони ажратилган.
Мазкур дам олиш масканида 10 та ўтов, 14 та уйча мавжуд. Шунингдек, турк саунаси, аёллар ва эркаклар учун алоҳида рус ҳаммоми ва 15–25 кишилик бассейн қурилган. Шу билан бирга, ушбу дам олиш масканида бильярд ва теннис зали мавжуд. Овқатланиш жойи эса 100 ўринга мўлжалланган.
Аввалроқ Қорақалпоғистонда бир кунда 10 га яқин оилавий уй меҳмонхоналари очилгани ҳамда Навоийда салкам 65 миллиард сўмга қурилган тўрт юлдузли меҳмонхона иш бошлагани ҳақида хабар берилганди.