Навоийда салкам 65 млрд сўмга қурилган тўрт юлдузли меҳмонхона иш бошлади
Навоий шаҳри Ёшлик маҳалласи ҳудудида 16 ноябрь, душанба куни салкам 65 миллиард сўмга қурилган меҳмонхона фойдаланишга топширилди. Бу ҳақда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан 16–17 ноябрь кунларида ташкил этилган инфо-турда бўлган «Tez News» мухбири Шоҳруҳ Ҳайдаров хабар берди.
Маълум қилинишича, ушбу меҳмонхона қурилишига 64,8 миллиард сўм маблағ йўналтирилган. Натижада тадбиркор Жўрабек Холиқов ушбу масканда 67 та янги иш ўрни яратган. 105 та хона ва 230 та ўриндан иборат бўлган мазкур мехмонхонанинг қурилиш ишлари икки йил аввал бошланган ва унда 500 нафар уста, дизайнер ва бошқа мутахассислар жалб этилган.
Маълумотларга кўра, «Tinchlik Plaza hotel» меҳмонхонасида имконияти чекланган меҳмонлар учун алоҳида шароитлар яратилган хоналар ва инфратизим яратилган. Шунингдек, хориж ва маҳаллий сайёҳларнинг хоҳиш ва истаклари инобатга олиниб, уларга турли саёҳатлар уюштириш учун микроавтобус, автотураргоҳлар ташкил этилган. Бундан ташқари, меҳмонхонада мусиқий фаввора, 4 та ресторан, замонавий SPA-маркази ва ирланд усулида таъмирланган «PUB», фитнес клуб, очиқ ва ёпиқ сув ҳавзалари, фитобар мавжуд.
Меҳмонхонанинг тақдимот маросимида иштирок этган вилоят ҳокими Қобил Турсунов Навоий вилоятида туризмни ривожлантириш мақсадида умумий қиймати 142 миллиард сўмлик 32 та лойиҳа амалга оширилаётгани таъкидлаган.
Мавзуга доир:
Аввалроқ Алишер Усмоновнинг Намангандаги халқаро бизнес маркази қачон қурилиши маълум қилинганди.