Бразилияда COVID-19 билан боғлиқ ғайриоддий ҳолат қайд этилди

Бразилиянинг Риу-Гранди-ду-Сул штатида яшовчи икки нафар фуқаро бир вақтнинг ўзида икки хил коронавирус штаммини юқтириб олди. Бу ҳақда 29 январь, жума куни маҳаллий ОАВга таяниб, «ТАСС» хабар берди.

Фото: «AFP»

Қайд этилишича, икки фуқаро бир хил — 30 ёшда бўлган. Уларнинг касаллиги енгил ва ўрта даражада экани маълум қилинган. Аммо олим Фернанду Спилкининг Нову-Амбургу университети молекуляр микробиология лабораториясидан олинган маълумотларига кўра, беморларда касалликнинг кечиши қанчалик хавфли бўлишини олдиндан айтиш қийин.

Тадқиқотчилар қисқа вақт оралиғида SARS-CoV-2’нинг икки хил штаммларини юқтириш ҳолатлари аниқланишда давом этишини тпаъкидлаган. Бу эса юқтирган одамни ажратиб олиб, уни бошқалардан узоқлаштириш чораларини кўриш муҳимлигини кўрсатади.

Олимлар ҳозиргача Риу-Гранди-ду-Сулда коронавируснинг бешта турини, шу жумладан, S-оқсилидаги мутацияга эга штаммларни аниқлаган. Бу, баъзи тадқиқотчиларнинг фикрига кўра, биринчи бўлиб Ухан шаҳрида топилган вирусга қараганда юқумлироқ. Вирус тузилишидаги бундай ўзгаришлар «Жанубий Африка» ва «Бразилия» деб аталадиган штаммларга хосдир.

Олимларнинг хулосалари «medRxiv» илмий маълумотлар базасига 27 январь, чоршанба куни жойлаштирилган. Аммо улар ҳали кўриб чиқилмаган, шунингдек, илмий журналларда нашр этилмаган.

Аввалроқ коронавируснинг «британча» штамми аввалгисига нисбатан кўпроқ ўлимга сабаб бўлиши аниқланган эди. Шунингдек, коронавирусдан тузалган беморлар йўл қўядиган жиддий хато маълум қилинган.