Коронавирусдан тузалган беморлар йўл қўядиган жиддий хато маълум бўлди

Россиялик иммунолог Илья Кукин коронавирусдан соғайган беморлар йўл қўядиган энг катта хато нима эканини маълум қилди, деб хабар бермоқда «Вечерняя Москва».

Фото: «Seattle Children»

Унга кўра, энг катта хатолардан бири танани касалликдан олдинги ҳолатига қайтаришга уринишдир. Натижада спорт билан доимий шуғулланиб юрганлар ўз танасига ортиқча босим юклайди ва бу оғир посткоид ҳолатига олиб келиши ва бошқа бир касалликни келтириб чиқариши мумкин. Мутахассис касаллик белгиларининг йўқолиши тўлиқ соғайишни англатмаслигини таъкидлаб ўтган.

«Вирусдан кейин иммунитет заиф бўлади. Шу боис тана ҳали бундай юкларни қабул қила олмайди. Кўпчилик касалликдан сўнг спорт машғулотларини бажаришни истайди. Бу эса катта хатолардан биридир», — дея тушунтирди мутахассис. Иммунолог касаллик пайтида соғлом ҳужайралар кўп миқдорда энергия сарфлашини тушунтирган, шунинг учун юқори жисмоний машқлар пайтида танада энергия захиралари етарли бўлмаслиги мумкин.

Маълумот учун, пандемия бошланганидан буён дунёда 100,6 миллиондан ортиқ касалланиш ҳолатлари қайд этилган, 72,5 миллиондан ортиқ одам соғайиб кетган ва 2 миллиондан ортиқ бемор вафот этган.

Аввалроқ ЖССТ коронавирус беморларининг юқтириш даври ҳақида маълумот бергани ва олимлар коронавирус яна бир хасталикни кучайтириб юборишини аниқлагани ҳақида хабар берилган эди.

Янгиликлар