Коронавируснинг «британча» штамми аввалгисига нисбатан кўпроқ ўлимга сабаб бўлиши аниқланди

Буюк Британия бош вазири Борис Жонсон Тwitter’да ўтказилган матбуот анжуманида коронавируснинг янги штамми олдингисидан кўпроқ ўлимга олиб келаётганини таъкидлади.

Фото: «Reuters»

Хабарга кўра, Қўшма Қироллик ҳукумати маслаҳатчиси Патрик Валланс «британча штамми»дан ўлим ҳолатлари CОVID-19’нинг олдингисидан 30 фоиз юқори бўлиши мумкинлигини қайд этган. Борис Жонсон мамлакатда карантин ҳали тугамаслигини ҳам маълум қилган. Бунга сабаб эса касалликни юқтириш ҳолатлари ҳамон юқорилигича қолаётгани айтилган.

Шунингдек, бош вазир коронавируснинг ушбу мутациясига қарши «Pfizer» ва «AstraZeneca» вакциналари яхши самара бераётганини ҳам қўшимча қилди. Айни пайтда Буюк Британияда коронавирусни юқтириш ҳолатлари 3,5 миллиондан ошган, вафот этганлар — салкам 96 минг нафар.

Бундан ташқари, 22 январь куни ўтказилган брифингда ЖССТ эксперти Мария ван Керкхове коронавирус инфекциясидан ўлим ҳолатлари сони ўсиши фақат янги штаммлар пайдо бўлиши билан боғлиқ эмаслигини айтиб ўтган. Эксперт Буюк Британия олимларидан янги штамм касалликни янада оғирлаштириш билан бирга, кўпроқ ўлим ҳолатларига олиб келиши мумкинлиги тўғрисида маълумот олинганини маълум қилган.

Фото: «Газета.ru»

«Бироқ бошқа бир омилни ҳам ҳисобга олишимиз керак. Трансмиссивлик, яъни касаллар сонининг ошиши стационар ва интенсив терапия бўлимларида ётган беморлар сони янада кўпайганини ҳам англатади. Оқибатда соғлиқни сақлаш тизимига босим юки ошиб кетяпти, шунинг учун ҳам ўлимлар сони кўпаймоқда», — деди Мария ван Керкхове.

Эслатиб ўтамиз, коронавируснинг «британча» — янада юқумлироқ штамми Япония, Франция, Нигерия, Исроил, Малайзия, Сингапур, Бразилия, Эквадор, Ҳиндистон, АҚШ, Хитой, Кипр, Греция, Таиланд мамлакатларида аниқланган.

Янгиликлар