Хитойда 8 ойдан бери биринчи марта COVID-19’дан ўлиш қайд этилди

Хитойда саккиз ой ичида биринчи марта бемор коронавирус асоратларидан вафот этди. Ўлим 13 январь куни Хебей вилоятида қайд этилган. Бу ҳақда 14 январь, пайшанба куни Хитой Гигиена ва соғлиқни сақлаш давлат қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.

Фото: «Accosiated Press»

«Ўтган кун давомида касалликнинг тасдиқланган 138 янги ҳолати қайд этилди. Шунингдек, битта янги ўлим ҳам тасдиқланган», дейилади хабарда. Қўмита маълумотларига кўра, 2020 йилнинг 16 майидан бери республикада коронавирусдан ўлиш ҳолатлари кузатилмаган эди.

Қайд этилишича, 138 та янги ҳолат орасида 14 нафар чет эллик, 124 нафар хитойлик касалланган. Умуман олганда, пандемия бошланганидан бери хитойлик мутахассислар чет элдан келганлар орасида 4465 ҳолатни аниқлаган, шундан 284 киши ҳозиргача даволанмоқда, улардан учтасининг аҳволи оғир.

Расмийларнинг таъкидлашича, ХХРга чет элдан келган бирор COVID-19’га чалинган киши ўлмаган. Сўнгги маълумотларга кўра, Хитойда 87 844 кишида касаллик қайд этилган бўлиб, улардан 82 324 нафари соғайган ва 4635 та ўлим қайд этилган.

Эслатиб ўтамиз, уч кун олдин Хитойда коронавируснинг беш ой ичида рекорд даражада ўсиши қайд этилганди (103 та янги ҳолат). Статистиканинг ўсиши Хитойнинг Хебей провинциясидаги кўплаб коронавирус ҳолатлари билан боғлиқ.

Аввалроқ дунёда коронавирусдан вафот этганлар сони 2 миллионга яқинлашгани хабар қилинганди. Шунингдек,Хитойда ҳам коронавируснинг «британча» — янада юқумлироқ штамми аниқланган.