Аҳолисини коронавирусга қарши эмлаш бўйича етакчи мамлакатлар — рейтинг
Дунёда аҳолисини коронавирусга қарши эмлашлар бўйича ҳозирда учта мамлакат — Исроил, Хитой ва АҚШ етакчилик қилмоқда. Бу ҳақда «Bloomberg» хабар берди.
Таъкидланишича, вакциналарни етказиб бериш логистик нуқтаи назаридан энг қийин вазифалардан биридир. Айни дамда дунёнинг 41 та мамлакати аҳолиси коронавирусга қарши 24 миллион дозадан ортиқ вакциналарни қабул қилган.
Статистикада эмлаш босқичидан ўтган одамлар сони эмас, препаратнинг ишлаб чиқарилган дозалари ҳисобга олинади. Хитойда аллақачон 9 миллион доза (умумий аҳолининг 0,64 фоизи), АҚШда 7,725 миллион (2,35 фоизи), Исроилда 1,692 миллион (18 фоизи), Буюк Британияда 1,489 миллион (2,23 фоиз), БААда 1,02 миллион доза (9,4 фоизи) вакцина аҳолини эмлаш сарфланган.
Хабарда бой мамлакатлар вакциналар етказиб бериш бўйича йирик битимлар тузгани, камбағал мамлакатлар эса 2022 йилгача ёки ундан кейин эмлаш учун кутишлари кераклиги қайд этилган. Bloomberg» дунёдаги энг истиқболли тўққизта вакцина ишлаб чиқилаётганини таъкидлаган. Айтилишича, ҳозирда ўнлаб мамлакатларда еттита вакцина чекланган миқдорда умумий фойдаланиш учун мавжуд.
Аввалроқ ЖССТ раҳбари коронавирусга қарши вакциналар ҳам пандемияни тўхтата олмаслигини таъкидлаган эди. Шунингдек, АҚШда коронавирус вакцинасининг 500 дозасини атайин йўқ қилган фармацевт қамалган.