Фарҳод Алимов, Луиза Расулова, Ситора Фармонова — ўзбек бошловчиларининг тўйга чиқиш нархи қанча?
Халқимиз азалдан орзу-ҳавасли ҳисобланади. Ҳар бир ота-она фарзандининг бахт тўйини мукаммал даражада ташкиллаштиришга, уни бекаму кўст ўтказишга ҳаракат қилади. Ҳар ким ўз имконияти даражасидан келиб чиқиб, шинам тўйхона танлайди, тўйига таниқли хонанда ва машҳур бошловчиларни таклиф этади. Хонандалар, одатда, тўй кечасининг асосий юлдузлари ҳисобланади, лекин улардан кам меҳнат қилмайдиган, тўй файзига катта ҳисса қўшадиган бошловчилар кўпинча уларнинг соясида қолиб кетади.
«Tez News» бугун фаолият олиб бораётган энг машҳур тўй бошловчиларининг тўйларда қанча ҳақ эвазига хизмат кўрсатишига қизиқди. Хўш, бошловчилар битта тўй ўтказишда қанча ҳақ олади?
Фарҳод Алимов
Рейтингнинг илк поғонасини эстрада хонандаси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Райҳон Ғаниеваннг турмуш ўртоғи Фарҳод Алимов эгаллади. Унинг якка тартибда тўйларда хизмат кўрсатиш нархи 500 доллар, агар ёнида бирор шерик билан борса, 600 доллардан юқорини ташкил этади. Унга ҳамроҳлик қиладиган шериклар, одатда, аёл бошловчилардан бўлади.
Ситора Фармонова
Маҳоратли актриса, қўшиқчи, бошловчи Ситора Фармонова иккинчи ўринда. У нафақат Ўзбекистонда, балки қўшни республикаларда ҳам фаолият олиб боради. Унинг битта тўйда бошловчилик қилиш эвазига оладиган хизмат ҳақи 400–500 долларни ташкил этади.
Шунингдек, Ситора Фармонова «Central Asia Got Talent» лойиҳаси доирасида ҳакамлар ҳайъатида фаолият олиб боради.
Карен Гафуржонов
Хонанда ва актёр Карен Гафуржонов рейтингимизнинг навбатдаги поғонасидан жой олди. Унинг тўйларда хизмат кўрсатиш ҳақи — 400 доллар.
Сўғдиёна Азимова
Маҳоратли актриса Сўғдиёна Азимова ҳам худди Карен Гафуржонов сингари тўйларда бошловчилик қилиш эвазига 400 доллар миқдорида ҳақ олади.
Луиза Расулова
Рейтингимизнинг кейинги ўрнини бетакрор гўзаллик соҳибаси, сарвқомат Луиза Расулова эгаллади. Ўзбек интернет оламида анча машҳур бўлган маҳоратли актриса тўй-ҳашамларда ҳам бошловчилик қилади. У хизмати учун 350 доллар миқдорида ҳақ олиши маълум бўлди.
Ҳусан Жўраев
Кўплаб фильм ва клипларда роль ижро этган актёр ва сухандон Ҳусан Жўраев рейтингизмизнинг навбатдаги поғонасини забт этди. Унинг тўй-ҳашамлардаги хизмат ҳақи 300–350 доллар атрофида.
Наргиза Абдуллаева
Маҳоратли актриса, бошловчи, «Чархпалак» сериалидаги «Бувижон» образи орқали кўнгиллардан жой олган Наргиза Абдуллаева ҳам анча таниқли бошловчи ҳисобланади. Унинг тўйларда бошловчилик қилиш эвазига оладиган хизмат ҳақи 250 долларни ташкил қилади.
Миролим Қиличев
Театр ва кино актёри, телебошловчи Миролим Қиличев рейтингимизнинг сўнгги поғонасини банд қилди. Унинг тўйларда якка хизмат кўрсатиши 200 долларни ташкил қилса, ёнида ҳамроҳ билан даврани олиб бориши 300 доллардан бошлаб ҳисобланади. Бунда ҳам ҳамроҳ аёл киши бўлиши кўзда тутилган.
«Миллион» жамоаси аъзоси, журналист Даврон Кабулов, қизиқчи, «Мирзо» театри актёри Ботирхон Имомхўжаевлар билан боғланишнинг имкони бўлмади. Улар ҳам машҳур ва яхши гонорарга эга бошловчилар ҳисобланади.
Маълумот учун: мақолада келтирилган нархлар Тошкент шаҳри учун амал қилади ҳамда бирламчи ҳисобланади. Вилоятларга чиқишлари учун эса, қўшимча ҳақ талаб қилинади.
Нима ҳам дердик, топганингиз тўйларга буюрсин.