Ўзбекистонда 2020 йилда минглаб дарахтлар мансабдор шахслар томонидан ноқонуний равишда кесиб йуборилган.

Ўзбекистонда 2020 йилда 136 нафар мансабдор шахс ноқонуний дарахт кесгани учун жаримага тортилган. Бу ҳақда АОКА да ўтказилган брифингда Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ахборот хизмати раҳбари Бунёд Абдуллаев маълум қилган.

Фото: Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ахборот хизмати

Хабар берилишича, 2020 йилда дарахт ва буталарни ноқонуний кесилиши билан боғлиқ жами 3 960 та ҳуқуқбузарлик аниқланган бўлиб, ушбу ноқонуний дарахткесарларнинг 136 нафари мансабдор шахслар эканлиги аниқланган.

Шундан сўнг, хуқуқбузарларга жами 4,5 млрд сўм жарима солинган, ўсимлик дунёсига етказилган зарар миқдори эса 15,3 млд сўмни ташкил қилган.

Шунингдек, 18 та ҳолат бўйича қонунбузарлик содир этган шахсларга нисбатан жиноий иш қўзғатилган бўлиб, ҳуқуқбузарлардан 127 та қурол-аслаҳа ашёвий далил сифатида олиб қўйилган.

Таъкидланишича, жами 2 724 м3 бута, 7 812 дона дарахт шундан 3 428 дона қимматли ва 4 384 дона камёб ва қимматбаҳо дарахтлар ноқонуний равишда кесилган.

 

Мавзуга доир: Тошкент вилоятида 52 та дарахт ноқонуний кесилгани маълум бўлди.