Сўхдаги тартибсизликлар ортидан 6 киши қўлга олинган. Улар орасида блогер ҳам бор

Фарғона вилояти прокуратураси томонидан май ойида Сўх туманида содир бўлган оммавий тартибсизликлар ва бошқа ҳолатлар юзасидан қўзғатилган жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Бу ҳақида Бош прокуратура хабар берди.

Кадр: Видеодан / «Dengiz TV»

Маълум қилинишича, тергов давомида 6 нафар шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 219 ва 244-моддалари билан айб эълон қилиниб, уларга «қамоққа олиш» тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.

Шу билан бирга, фуқаро Хайдаржон Бобохайдаров (блогер) жиноят иши бўйича гумон қилинувчи тариқасида жалб қилиниб, Жиноят процессуал кодексининг 226-моддаси тартибида ушланган.

Тергов давомида Х.Бобохайдаровга процессуал ҳуқуқ ва мажбуриятлари тушунтирилган ва ҳимоя ҳуқуқи (адвокат) таъминланган.

Иш бўйича ҳақиқатни аниқлашга тўсқинлик қилиш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида бошқа тафсилотлар ошкор қилинмаслиги маълум қилинди.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йил 31 май куни Сўх тумани, Чашма қишлоғининг Қирғизистон Республикаси, Баткен области, Кадамжай райони, Чечме айили билан чегарадош ҳудудида жойлашган «Чашма» булоғи бўйида Қирғизистон ҳамда Ўзбекистон фуқаролари ўртасида булоқдан фойдаланиш юзасидан келиб чиққан низо оқибатида оммавий тартибсизликлар рўй берган.