Маҳалла вазирлиги ўзбек қизларини Жанубий Кореяга турмушга бериш учун тайёрлаётгани айтилган марказ фаолиятига муносабат билдирди

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ўзбек қизларининг Жанубий Корея давлати фуқароларига турмушга бериш учун тайёрлаётган марказ фаолиятига оид видеолавҳа юзасидан муносабат билдирди.

https://www.facebook.com/100004378210187/videos/1713704602118797

Маълум бўлишича, вазирлик томонидан олиб борилган ўрганишлар давомида мазкур видеолавҳа Тошкент шаҳар Яккасарой тумани «Ҳ.Сулаймонов» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги 2-Миробод кўчаси 35-уйда жойлашган «Sejong Hakdang» ўқув марказида тасвирга олинган. Ижтимоий тармоқлар орқали тарқалган мазкур масканнинг ўзбек қизларини Жанубий Корея давлати фуқароларига турмушга бериш билан шуғулланаётганлиги ҳолати юзасидан олиб борилган суриштирувлар натижасига кўра бир қанча маълумотлар аниқланган.

Таъкидланишича, «Sejong Hakdang» ўқув маркази республикада 1992 йилда қонуний асосда ташкил этилган бўлиб, ҳозирги вақтга қадар фуқароларга корейс тили ва маданияти, корейс миллий таомларини ўргатиш мақсадида фаолият юритиб келмоқда. Марказ раҳбари Хо Со Хенг томонидан берилган маълумотларга кўра, мазкур масканда ҳозирги вақтда 350 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда. Уларнинг 31 нафари Жанубий Корея давлати фуқароларига турмушга чиққан.

Ўқув марказ раҳбари Хо Со Хенг билан олиб борилган суҳбат давомида олинган маълумотларга кўра, 2020 йил 7 сентябрь куни мазкур масканда навбатдаги ўқув мавсумининг очилиш маросими бўлиб ўтган. Ижтимоий тармоқларда тарқалган, юқорида тўхталиб ўтилган видеолавҳа айнан шу тадбирдан олинган. Бу ерда таҳсил олаётган хотин-қизлар ўқув маркази томонидан берилган эълонлар асосида мурожаат қилган.

Марказ раҳбарининг таъкидлашича, «Sejong Hakdang» ўқув маркази ўз ўқувчиларига фақат корейс тили ва маданияти, шунингдек, қизиқувчилар учун корейс миллий таомларини ўргатиш билан шуғулланади. Уларни чет элга юбориш ёки Жанубий Корея давлати фуқароларига турмушга чиқишларини ташкил этиш бу ўқув маскани мақсадларига кирмайди. Бу ерда таҳсил олаётган, корейс фуқароларига турмушга чиққан ўзбек қизларининг улар билан танишуви ёки оила қуришига мазкур ўқув марказининг алоқаси йўқ. Бу фуқаролар турмушга чиқиб, ўрнатилган тартибда никоҳни қайд этгандан сўнг бу ўқув марказига мурожаат қилган.

«Шу ўринда ўз тақдирини кўр-кўрона бошқа миллат вакиллари билан боғлаётган ўзбек қизларига ҳаётга теранроқ қараб, чет элга турмушга чиққан баъзи юртдошларимизнинг аянчли қисматидан тўғри хулоса чиқаришларини сўраб қоламиз», — дейилади вазирлик хабарда.

Шунингдек, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда «Sejong Hakdang» ўқув марказининг келгуси фаолияти атрофлича ўрганиб борилишини маълум қилган.

Аввалроқ Самарқандлик аёлни Дубайга ошпазликка чақириб, фоҳишаликка мажбурлаган аёл қўлга олингани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар