Бухорода марказий поликлиника бўшатилиб, ундаги 200 дан ортиқ тиббиёт ходими ишсиз қолаётгани айтилган хабарга муносабат билдирилди

Буҳоро вилояти ҳокимлиги Бухоро шаҳрида 200 дан ортиқ тиббиёт ходимининг ишсиз қолдирилаётгани тўғрисидаги видео юзасидан муносабат билдирди.

Маълум бўлишича, ижтимоий тармоқларда Бухоро шаҳридаги 11-сонли кўп тармоқли поликлиникаси фаолияти билан боғлиқ «Статистикадаги 58 та касални даволаш учун 200 дан ортиқ тиббиёт ходимини ишсиз қолдириш керакми?» сарлавҳаси остидаги видеолавҳа тарқатилган.

Видеода айтилишича, мазкур тиббиёт муассасасининг ходимлари 27 сентябрь, якшанба куни ишга чақирилиб, бу ерда COVID-19’га қарши курашиш бўйича Call-марказ ташкил этилиши муносабати билан поликлиникани бўшатиб, нарсаларини олиб кетишлари буюрилган. Бу эса муассасада ишловчилар норозилигини келтириб чиқарган.

«Ҳолат Бухоро шаҳар тиббиёт бирлашмаси раҳбариятида тузилган ишчи гуруҳи томонидан жойида ўрганилган. Маълум бўлишича, мавжуд вазиятга ниҳоятда юзаки баҳо берилгани ҳолда мазкур муассасада ишловчи тиббиёт персоналларидан бири томонидан қўл телефонида тасвирга олиб, ижтимоий тармоққа жойлаштирилган юқоридаги шикоятда келтирилганидек, бунда меҳнат қилиб келаётган 200 дан ортиқ тиббиёт ходимининг ишсиз қолдирилаётганлиги тўғрисидаги гап-сўз мутлақо ҳақиқатдан йироқ.

Юртдошларимизга қулайлик яратиш, бу касалликка гумонланган фуқароларга яқиндан ёрдам бериш, уларни текширувдан ўтказиш мақсадида айнан 11-сонли кўп тармоқли тиббиёт поликлиникасини саралаш пунктига айлантириш кўзда тутилган. Бу марказ айни кунда 280 га яқин тиббиёт персонали фаолият олиб бораётган тўрт қаватли муассасанинг биринчи қаватига жойлаштириладиган бўлди. Шу кунгача поликлиниканинг биринчи қаватида фаолият олиб борган УЗИ аппарати хонаси, тор доирадаги акушер гинеколог, дермотолог, педиатр шифокорлар қабуллари иккинчи ва учинчи қаватларга кўчирилгани ҳолда одатдагидек ўз иш фаолиятини давом эттирмоқда. Кундалик қабул қилинаётган беморларга қулайлик яратиш мақсадида иккинчи қаватдан дорихоналар учун ҳам махсус жой ажратилиб, дори-дармон нархи алоҳида назоратга олинган.

Шунингдек, COVID-19 касаллиги билан гумонланганлар учун бинодан махсус кириш-чиқиш йўлаги ҳозирланган ва бошқа касалликлар билан оғриган беморлар учун уларнинг хавф-хатарининг олдини олишга алоҳида эътибор кучайтирилган. Аниқроғи, инфекционист, пульмонолог, гинеколог, педиатр, психолог ва эпидемиолог шифокорлар, рентген хонаси ва касалликни зудлик билан аниқлаш мақсадида махсус лабораториялар ташкил этилган.

Тиббиёт ходимлари меҳнати ва зиммаларидаги масъулиятни қадрлаган ҳолда, хоҳ у шифокор ёки ҳамшира бўлсин, шу кеча-кундузда айнан вилоят марказидаги 300 мингдан ортиқ аҳолига бирламчи малакали тиббий хизмат кўрсатиб келаётган 11-сонли кўп тармоқли поликлиникада фаолият олиб бораётган бирор-бир тиббиёт ходими ишсиз қолдирилмайди.

Маълумот ўрнида, вилоятда СOVID-19 касаллиги билан оғриган беморлар учун 2 630 ўринли 19 та стационар клиника тайёрланган ва улар зарур тиббий восита ва ускуналар билан таъминланган. Шунингдек, эҳтимолий эҳтиёжни инобатга олиб, вилоятдаги спорт мажмуалари, таълим муассасалари ётоқхоналари, хусусий клиникалар (жами 16 та объект)да 2 350 та захира ўрни тайёрланиб, куз-қиш мавсумига тайёр ҳолга келтирилган», дейилади Бухоро вилояти ҳокимлиги хабарида.

Аввалроқ Тошкентда ҳижобдаги аёллар тутилиб, сўроқ қилинаётгани айтилган видео бўйича, Маданият вазирлиги Самарқанддаги тарихий бинонинг бузилиши юзасидан муносабат билдиргани ҳақида хабар қилинганди.

Янгиликлар