Маданият вазирлиги Самарқанддаги тарихий бинонинг бузилиши юзасидан муносабат билдирди

Маданият вазирлиги Самарқанд шаҳар, Амир Темур кўчаси, 14-уйнинг бузилиши бўйича ижтимоий тармоқларда кескин муҳокама қилинаётган фикрлар юзасидан муносабат билдирди.

Фото: «samcity.uz»

Хабарда Маданият вазирлиги Самарқанд шаҳар ҳокимиятидан Амир Темур кўчаси, 14-уй бузилиши бўйича тушунтириш беришларини талаб қилган. Шунингдек, Маданий мерос департаменти экспертлари томонидан ушбу объект 2010 йилда маданий мерос объекти рўйхатидан чиқарилган бўлса ҳам тарихий қурилиш иншоотининг бир қисми ҳисобланишини, нега Маданият вазирлиги объектининг бузилишидан, шунингдек, у ердаги бузилишлар ҳақидаги суд қароридан хабардор қилинмаганлигини таъкидлаган.

Маданият вазирлиги Бош прокуратурага 1990—2000 йилларда тарихий объектларни қайси сабабларга биноан рўйхатдан чиқарилганлиги бўйича қуйидаги сўровнома асосида текширув ўтказилиши масаласи бўйича мурожаат қилган:

  • Объектлар нега рўйхатдан чиқарилди?
  • Ушбу хулосалар ким томонидан қабул қилинган?
  • Хулосалар Маданият вазирлиги ва вилоят ҳокимиятининг қайси раҳбари томонидан тасдиқланган?
  • Рўйхатдан чиқарилган бошқа объектларнинг тақдири нима бўлган?

Маълум қилинишича, айни пайтда Бош прокуратура томонидан Маданий мерос департаментининг барча вилоятдаги инспекциялари фаолияти, шу жумладан, Самарқанд вилоят маданий мерос бошқармасининг фаолияти ҳам ўрганилиб, маданий мерос сақланилишига нисбатан бир қанча қонунбузарликлар аниқланган. Маданият вазирлиги ушбу қонунбузарликлар учун барча айбдорлар ва Самарқанд вилояти маданий мерос бўлимидаги алоқадор шахсларнинг мазкур ноқонуний хатти-ҳаракатларига нисбатан жавобгарлик чора-тадбирлари қўлланишини билдирган. Таъкидланишича, Самарқанд вилояти Маданий мерос бошқармаси раҳбари бино бузиб бўлингач департаментга хабар берган.

«Маданият вазирлиги таъкидлайдики, агар тарихий объектнинг бузилиши Самарқанд шаҳар ҳокимлиги томонидан амалга оширилган ҳамда Маданият вазирлиги бу жараённи тасдиқламаган бўлса, у ҳолда бузилишга оид масъулиятни шаҳар ҳокимлиги ўз зиммасига олиши ва бунга алоқадор шахслар амалга оширган ноқонуний хатти-ҳаракатлари учун қонунда белгиланган тартибда жазоланиши шарт.

Маданият вазирлиги шуни билдиради: Самарқанд вилояти Маданий мерос бўлимини бошқариш эксперт кенгашининг барча қарорлари бекор қилинади. Сабаб, Самарқанд вилояти Маданий мерос бўлимини бошқариш эксперт кенгашининг таркиби ҳақидаги зарур ҳужжатлар тақдим қилинмаган ва шу туфайли улар Маданий мерос департаменти, Ўзбекистон Республикаси маданият вазири томонидан тасдиқланмаган; Маданий мерос департаменти ҳузуридаги Илмий-тадқиқот кенгашида мутахассислардан бирининг мажбурий иштирок этиши талаблари бажарилмаган», — дейилдаи хабарда.

Бундан ташқари, вазирлик Самарқанд вилояти ҳокимияти ва Самарқанд шаҳар ҳокимлигидан ЮНЕСКО ҳудудларга қўйилган барча талаб меъёрларига қатъий амал қилинишини талаб қилган.

Шу билан бирга, вазирлик ҳозирда Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2019 йил октябрь ойида тасдиқланган маданий мерос объектлари рўйхатига кирган маданий мерос объектларини сақлаб қолишни ўрганибгина қолмай тарихий-маданий аҳамиятга эга, аммо рўйхатга кирмаган объектларни ҳам асраш масаласини ўрганиб чиқаётганлигини маълум қилган.

Аввалроқ Каттақўрғонда туман ҳокимлиги фуқароларнинг уйини бузиб ташламоқчи бўлгани ҳақидаги хабар рад этилгани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар