Андижонда сўнгги ўн ойда сув таъминотини яхшилаш учун 182 млрд сўм сарфланди

Андижон вилоятида 2020 йил январь— октябрь ойларида аҳолининг сув билан таъминланиш учун 182 миллиард сўм сарфланди. Бу ҳақда «Андижон вилояти сув таъминоти» масъулияти чекланган жамият матбуот хизмати хабар берди.

Фото: «Андижон вилояти сув таъминоти» масъулияти чекланган жамият матбуот хизмати

Маълум қилинишича, «Андижон вилояти сув таъминоти» МЧЖ томонидан журналистлар, блогерлар ва матбуот хизмати ходимлари учун медиа тур ташкил этилган. Жамиятнинг «Кампирровот» сув тозалаш иншооти ва марказий аналитик лабораториясига уюштирилган сафар давомида иштирокчилар сувни фильтрлаш, истеъмолга тайёрлаш жараёни таништирилган. Шунингдек, анжуман давомида жамият томонидан йилнинг ўтган даврида амалга оширилган ишлар юзасидан тўлиқ маълумот берилган.

«Андижон вилоят сув таъминоти» МЧЖ матбуот хизмати раҳбари Марҳабо Насриддинованиниг таъкидлашича, вилоятдаги ичимлик сув таъминоти ва оқова хизматини яхшилаш мақсадида турли манбалар ҳисобидан 182 миллиард сўм маблағ сарфланган. 2020 йилнинг ўтган даврида 1 та ичимлик сув иншооти, 137 та ичимлик сув қудуғи, 880 километр ичимлик сув тармоғини қуриш ва реконструкция қилиш, шунингдек, 1 дона сув ҳайдаш станцияси, 12,5 километр оқова сув тармоғида қурилиш-монтаж ишлари амалга оширилган.

Фото: «Андижон вилояти сув таъминоти» масъулияти чекланган жамият матбуот хизмати

Хабарга кўра, вилоятда аҳолининг сув билан таъминланиш даражаси 86,2 фоиздан 90 фоизга ўсган. Ичимлик сув таъминоти масаласи оғир бўлган Марҳамат, Избоскан, Асака туманларининг қатор ҳудудларидаги муаммолар бартараф этилган. Медиатур жамият директори Шуҳрат Матмусаев иштирок этган.

Аввалроқ Бағдодда салкам 500 та уйни сув билан таъминлашга 1 миллиард, Андижонда эса сўнгги уч йилда аҳолига ичимлик суви етказиб бериш учун 372 миллиард сўм сарфланганди. Шунингдек, Улуғнорда 70 та хонадонни ичимлик суви билан таьминлайдиган қувур тортилганди.

Янгиликлар