Шавкат Мирзиёев Тожикистон президентига ШҲТга раисликда муваффақият тилади

Шавкат Мирзиёев 30 декабрь, чоршанба куни Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон билан телефон орқали мулоқот қилиб, 2021 йилда Шанхай ҳамкорлик ташкилотига раисликда муваффақият тилади. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Қайд этилишича, давлат раҳбарлари кириб келаётган Янги йил билан бир-бирини қутлаб, Ўзбекистон ва Тожикистон биродар халқларига тинчлик, фаровонлик ва равнақ тилаган.

Суҳбатда икки томонлама алоқалар ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар муҳокама қилинган, Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлашнинг биринчи галдаги вазифалари белгиланган.

Барқарорлик ва хавфсизликни таъминлаш, замонавий хатар ва таҳдидларга қарши курашиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.

Амалий ҳамкорликни чуқурлаштириш, жумладан, товар айирбошлашни кўпайтириш, қўшма кооперация лойиҳаларини илгари суриш, ҳудудлараро ва маданий-гуманитар алмашинувни кенгайтириш юзасидан келишувларга эришилган.

Аввалроқ Шавкат Мирзиёев Эмомали Раҳмонни президентлик сайловидаги ғалабаси билан табриклагани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Шавкат Мирзиёев Тожикистон президенти билан минтақавий ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилгани хабар қилинган.