«Қанча маблағ ва имконият талаб этилмасин, Ўзбекистоннинг биронта фуқароси ўз ҳолига ташлаб қўйилмайди» — Шавкат Мирзиёев

Кўксарой қароргоҳида 31 август куни Ўзбекистон Мустақиллигининг йигирма тўққиз йиллигига бағишланган байрам тадбири бўлиб ўтди. Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон халқини миллий байрам билан табриклади, деб хабар бермоқда Президент матбуот хизмати.

Фото: Президент матбуот хизмати

«Биз қандай таҳликали ва суронли даврларни бошимиздан кечирмайлик, қандай ютуқ ва натижаларга эришган бўлмайлик, мустақиллик ғояси, истиқлол руҳи бизга доимо тоғдек таянч бўлмоқда. Бугун чексиз ифтихор билан айта оламизки, донишманд халқимизнинг узоқни кўра олиши, бирдамлиги ва фидойи меҳнати билан барча синовлардан муносиб ўтиб келмоқдамиз. Шу нуқтаи назардан, бизнинг инсоний қадр-қимматимизни, ғурур ва шаънимизни, дину диёнатимизни, миллий давлатчилигимизни тиклаб берган Мустақиллик куни Ватанимизнинг шонли тарихида ҳамиша энг ёрқин саҳифа бўлиб қолади», — деди Шавкат Мирзиёев.

Фото: Президент матбуот хизмати

Кейинги йилларда тараққиётнинг янги босқичига қадам қўйилаётгани, янги бир уйғониш — Учинчи Ренессанс даврига пойдевор яратилаётгани қайд этилди.

«Кенг жамоатчилик, эл-юртимиз барча ижобий ўзгаришларнинг ташаббускори ва бунёдкорига айланмоқда.

Ҳеч ким ҳеч қачон унутмаслиги керак: қанчалик қийин бўлмасин, қанча маблағ ва имконият талаб этилмасин, Ўзбекистоннинг биронта фуқароси ўз ҳолига ташлаб қўйилмайди», — деди Президент.

Фото: Президент матбуот хизмати

Карантин чекловларига қарамай, саноат ва қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, замонавий ишлаб чиқариш қувватларини барпо этиш изчил давом эттирилди. Мамлакатда корхоналар белгиланган режаларни бажармоқда. Йил бошидан буён 9 миллиард долларлик маҳсулот экспорт қилишга эришилди. 2020 йил республикада биргина саноат соҳасида умумий қиймати 11 миллиард доллар бўлган лойиҳалар ишга туширилиши қайд этилди. Тадбиркорлик, илм-фан, таълим, суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар натижаларига тўхталиб ўтилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Шавкат Мирзиёев қўшма дастур ва лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш ҳамда пандемия оқибатларини юмшатиш борасида кўрсатган ёрдамлари учун Халқаро валюта жамғармаси, Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки, Ислом тараққиёт банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Осиё инфратузилма инвестициялар банки ва бошқа ташкилотларга миннатдорлик билдирди. Ўзбекистонни Мустақиллик байрами билан қутлаётган ҳамкор давлатлар халқларига тинчлик-омонлик ва фаровонлик тилади.

Фото: Президент матбуот хизмати

«Мен турли синов ва курашларда тобланган, иймон-иродаси мустаҳкам халқимизнинг ақл-заковати ва азму шижоатига ишонаман. Мана шундай буюк инсоний фазилатлар соҳиби бўлган, айниқса, бугунги синовли кунларда ўзининг матонати ва ҳамжиҳатлиги билан чинакам жасорат кўрсатаётган қаҳрамон халқимизга фарзандлик меҳри ва садоқати билан бош эгиб таъзим қиламан», — деди Шавкат Мирзиёев.

Коронавирус пандемияси туфайли Мустақиллик байрами ихчам шаклда, онлайн режимда ўтказилди. Кўксаройдаги маросим телевидение орқали тўғридан-тўғри намойиш этилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Фото: Президент матбуот хизмати

Фото: Президент матбуот хизмати

Фото: Президент матбуот хизмати

Фото: Президент матбуот хизмати

Фото: Президент матбуот хизмати

Aввалроқ Шавкат Мирзиёев Шаҳидлар хотираси хиёбонига ташриф буюргани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Президент Мустақиллик ва эзгулик монументи пойига гулчамбар қўйгани хабар қилинган.

Янгиликлар