«Ўз яқинларидан жудо бўлган барча оилаларга чуқур ҳамдардлик билдириб, сабр-тоқат тилайман». Шавкат Мирзиёев Шаҳидлар хотираси хиёбонига борди
Шавкат Мирзиёев 31 август куни Шаҳидлар хотираси хиёбонига ташриф буюрди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, мажмуадаги рамзий қабр ёнида қатағон қурбонлари руҳларига бағишлаб Қуръон тиловат қилинган. Шу ерда Президент нуронийлар, уламо ва зиёлилар билан мулоқот қилган.
«Ватан фидойиларини эслашимиз, уларнинг ҳақига Қуръон ўқишимиз яхши анъана. Маърифатпарвар боболаримиз мустақиллик учун, халқимиз эмин-эркин яшаши учун курашганини биламиз. Охирги йилларда бутун жамоатчилигимиз ҳаракати билан уларнинг номларини тиклаш, музейларни янги намуналар билан тўлдириш, ижод мактаблари ташкил этиш бўйича кўп ишлар қилиняпти. Буларнинг ҳаммаси — одамларга тарихий адолатни, ҳақиқатни етказиш учун, халқимиз у кунларни билиши ва ҳеч қачон унутмаслиги, бугунги кунларнинг қадрига етиши учун.
Бу инсонлар ҳақиқий етакчилар, илғор зиёлилар, адабиёт, маданият намояндалари, бошқача айтганда, миллатимизнинг, халқимизнинг энг сара вакиллари эди. Тасаввур қилинг, агар улар қатағон қилинмаганида Ватанимиз ривожи учун, илм-фан, иқтисодиёт, маданият ва адабиётимиз учун қандай буюк ишлар қилган бўлар эди, халқимизни олдинга бошларди. Шу билиб туриб қилинган. Бугун буни армон билан эслаймиз», — деди Президент.
Давлат раҳбари қатағонга учраган ана шу 100 минг одамнинг ҳар бири бўйича изланиш, жойларга чиқиб, қариндошлари билан учрашиб, номларини тиклаш, қилган ишлари ҳақида китоблар чоп этиш, ўзлари яшаган маҳаллалар ва мактабларга номларини қўйиб, хотирасини абадийлаштириш зарурлигини таъкидлади.
Таъкидланишича, сўнгги йилларда Исҳоқхон ўғли Ибрат, Маҳмудхўжа Беҳбудий, Aбдулла Aвлоний, Aбдулҳамид Чўлпон, Aбдулла Қодирий сингари маърифатпарварлар хотирасига бағишлаб музейлар, муаззам ҳайкаллар яратилди. Ижод мактаблари бунёд этилди. Қорақалпоғистонда, барча вилоятларда Қатағон қурбонлари музейининг бўлимлари очилди. Қатағон қурбонларига бағишланган янги-янги китоблар, фильмлар, тадқиқотлар яратилмоқда.
Шунингдек, маросимда Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси оқибатида вафот этган инсонлар хотирасига бағишлаб ҳам Қуръон тиловат қилинган. Беморларнинг тезроқ соғайишини Aллоҳдан сўраб, дуо ўқилган.
«Ўз яқинларидан жудо бўлган барча оилаларга чуқур ҳамдардлик билдириб, сабр-тоқат тилайман. Даволанаётган беморларимизнинг дардига шифо беришини Худодан сўраймиз. Олти ойдан бери шу бало билан курашяпмиз. Бу касаллик юртимиздан тезроқ кетишини сўраб дуо қиламиз», — деди давлат раҳбари.
Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев коронавирус инфекцияси оқибатида вафот этган Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси раиси Муса Ерниязов ҳамда Бухоро вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Карим Камолов қабрини зиёрат қилиб, хонадонларига ташриф буюргани хабар қилинганди.