Бухоролик аёл наманганлик 21 ёшли йигитни 450 долларга чув туширди

Наманган шаҳрида яшовчи 21 ёшли йигитни Россиядан Ўзбекистонга келиши учун чипта олиб беришни ваъда қилиб, 450 долларга чув туширган бухоролик аёлга нисбатан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Бу ҳақда вилоят ИИБ ахборот хизмати «Tez News»га хабар берди.

Маълум қилинишича, 2020 йил сентябрь ойида Наманган шаҳри Жомий кўчасида яшовчи, якка тартибдаги ишчи, 1999 йилда туғилган Ж.А.ни номаълум шахс алдаган. Ишончига кириб, интернет тармоғидаги «Золотоя корона» сайти орқали ундан электрон пул кўчириш орқали 450 долларни қўлга киритиб, жиноят содир этган.

Ҳолат юзасидан Бухоро шаҳар Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси тергов гуруҳи томонидан Жиноят кодексининг 168-моддаси, 3-қисми «б» банди билан жиноят иши қўзғатилган.

Тезкор суриштирув ва дастлабки тергов ҳаракатлари давомида ушбу жиноятни Бухоро шаҳар, Пиридастгир кўчасида яшовчи, 1987 йилда туғилган, якка тартибда ишловчи аёл М.К. содир этганлиги аниқланган. Ҳозирда жиноят ишида гумон қилинаётган аёл М.К.га нисбатан тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Аввалроқ Бухорода «Контакт қўшинг ва ютуқлардан бирига эга бўлинг» интернет ўғрилиги фош этилгани, Қоровулбозорда сейфдан 3,5 миллион сўм пул ва салкам 10 миллион сўмлик тақинчоқлар ўғирлаган аёл ушлангани, Шофирконда устахонадан 5 миллион сўмлик «карчер» ўғирлаган йигит қўлга олингани ҳақида хабар қилинганди.

Янгиликлар