Тошкентда Акмал Шукуровнинг жазосини енгиллаштирган апелляция суди устидан ички текширув бошланди
Акмал Шукуровнинг апелляция суди қарори билан ҳибсдан озод этилиши юзасидан, хизмат текшируви тайинланди. Бу ҳақда Судьялар олий кенгаши матбуот хизмати хабар берди.

Ижтимоий тармоқларда катта муҳокамаларга сабаб бўлган А. Шукуровга оид жиноят иши Тошкент шаҳар суди апелляция инстанциясида кўрилиб чиқилиши билан боғлиқ ҳолатларга ойдинлик киритиш юзасидан хизмат текшируви тайинланди.
Хизмат текшируви Судьялар олий кенгаши томонидан ўтказилмоқда.
Натижаси бўйича қўшимча ахборот берилиши таъкидланди.
Эслатиб ўтамиз, Тошкентдаги барлардан бирининг олдида Борис Авакянни калтаклашда ва фирибгарликда айбланган Акмал Шукуров апелляция суди қарори билан ҳибсдан озод этилган эди.
Шундан сўнг, Тошкент шаҳар прокуратураси апелляция инстанция судининг қарорини бекор қилиш тўғрисида назорат тартибида шикоят киритди. Прокурорнинг шикояти қаноатлантирилиб, Шукуров 5 йил 3 ой 12 кунга озодликдан маҳрум этилди.





