Бойсундаги «М-25» конида водород сулфидининг отилиши юз берди

Сурхондарё вилоятининг Бойсун туманидаги “М-25” конидаги 202-сонли қудуқда 27 март куни кечқурун соат 21 лар атрофида водород сулфидининг назорат остидаги отилиши юз берди, деб хабар бермоқда Энергетика вазирлиги.

Қайд этилишича, табиатга зиён етказмаслик ва ҳаво ифлосланишининг олдини олиш мақсадида қудуқ ёқиб қўйилган. Ҳодиса оқибатида ҳеч ким жабрланмаган.

Воқеа жойига зудлик билан Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг бригадаси етиб борган. Шунингдек, ишларни ташкил этиш мақсадида Энергетика вазирлиги ҳамда бошқа мутасадди ташкилотлар таркибида ташкил этилган махсус штаб вакиллари ҳам ҳодиса жойига етиб келган.

Айни пайтда керакли барча чора-тадбирлар зарур техника ҳамда ускуналардан фойдаланилган ҳолда олиб борилмоқда. Шунингдек, хавфсизликни таъминлаш бўйича кучайтирилган чоралар кўрилмоқда.

Алоҳида таъкидлаш лозимки, юзага келган мазкур ҳолат аҳоли ва яқин атрофдаги ҳудудларга ҳеч қандай хавф туғдирмайди. Жараён Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, «Саноатконтехназорат» давлат инспекцияси ҳамда Очиқ нефть ва газ фаввораларининг олдини олиш ва бартараф этиш бўйича Ўзбекистон ҳарбийлаштирилган қисми мутахассислари томонидан тўлиқ назорат остига олинган, дейилади вазирлик хабарида.

Маълум қилинишича, ҳозирги вақтда ушбу вазият ҳамда ёнғиннинг келиб чиқиши сабаблари ўрганилмоқда. Бу ҳақдаги батафсил маълумот ишлар якунланганидан сўнг маълум қилинади.

Ўзбекистон