Тошкентда икки фуқаронинг Қозоғистондаги ўқишини кўчириб бериш учун 2 минг доллар олган талаба ушланди

Тошкентда фуқароларнинг Қозоғистондаги ОТМларни тамомлагани тўғрисида ҳужжат тайёрлаб беришни ваъда қилганлар ушланди.

Хусусан, хорижий давлатлардаги ОТМларга ўқишга киришга кўмаклашиш билан шуғулланувчи, Тошкент шаҳридаги МЧЖ раҳбари Қозоғистон фуқароси билан келишган ҳолда 2 нафар фуқаронинг ишончига кириб, уларнинг Қозоғистондаги олийгоҳлардан бирининг 1-босқичини тамомлаганликлари ҳақидаги ҳужжатни тайёрлаб бериш эвазига ҳар биридан 15 миллион сўмдан пул маблағи талаб қилган.

Натижада, у МЧЖ ҳисоб рақамига умумий 9 миллион сўм, Қозоғистон фуқароси номига 1,9 минг доллар ўтказилгани тўғрисида 4 дона квитанцияларни қабул қилиб олган вақтида, ДХХнинг Тошкент шаҳар бўйича бошқармаси ва ИЖҚК департаментининг шаҳар бошқармаси ходимлари томонидан ушланган.

Шунингдек, ДХХ ходимлари томонидан Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Тошкент шаҳар бошқармаси билан ҳамкорликда ўтказилган яна бир тезкор тадбирда пойтахтдаги нуфузли олийгоҳлардан бирининг 3-босқич талабаси 2 нафар фуқародан 2 минг доллар олган вақтда ушланган.

Маълум бўлишича, у Қозоғистондаги олийгоҳлардан бирининг 2-босқичини тамомлагани ҳақида сохта ҳужжат олиб бериб, мазкур ҳужжат орқали Тошкент шаҳридаги хусусий университетнинг 2-босқичига ўқишга киритиб қўйишини ваъда қилган.

Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Янгиликлар