ДХХ Қирғизистонга салкам 300 минг долларни ноқонуний олиб ўтмоқчи бўлганларни ушлади

Давлат хавфсизлик хизматининг Фарғона вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор-қидирув тадбирларида кўп миқдордаги хорижий валютани Қирғизистонга ноқонуний олиб чиқилишининг олди олинди.

Хусусан, Фарғона туманида яшовчи 37 ёшли Т.Ж. Қўқон шаҳрида ҳозирда шахсига аниқлик киритилаётган фуқародан 152,6 минг долларни олиб, Қирғизистонга ўтказиш мақсадида, Фарғона туманида яшовчи, муқаддам судланган 45 ёшли Р.Р.га етказиб бериш учун кетаётган вақтида ДХХ ходимлари томонидан қўлга олинган. Шунингдек, ўзбек-қирғиз давлат чегарасига яқин бўлган Фарғона туманининг «Миндон» қишлоғида кутиб турган Р.Р. ҳам ушланган.

Бошқа бир ҳолатда эса Фарғона туманида яшовчи 30 ёшли М.Ш. Фарғона шаҳрида фуқаро А.Т.дан 140 минг долларни олиб, Қирғизистонда истиқомат қилувчи шахсга етказиб бериш мақсадида Фарғона—Водил йўналишида давлат чегараси томон ҳаракатланаётган вақтида тўхтатиб қолинган. Тезкор тадбир давом эттирилиб, А.Т. ҳам қўлга олинган.

Ҳозирда ҳар икки ҳолат юзасидан ДХХ Фарғона вилояти бўйича бошқармаси тергов бўлими томонидан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Янгиликлар