Акмал Саидов «Миллий тикланиш» партияси раиси Алишер Қодировни кескин танқид қилди

«Tashkent city» анжуманлар залида 19 декабрь куни ўтказилган «Тошкент ёшлар форуми—2020» доирасида ёшлар миграцияси масалаларига бағишланган халқаро конференция ўтказилди. Тадбирда Олий Мажлис қонунчилик палатаси спикери ўринбосари Акмал Саидов ҳам чиқиш қилди, деб хабар бермоқда «Kun.uz».

Фото: Тошкент ёшлар форуми

У мазкур чиқишида пандемия иммиграция борасида бутун дунёда йирик муаммоларни пайдо қилгани ва бу жараёнда кучсиз қатлам – муҳожирлар энг кўп азият чекаётганини таъкидлади.

Спикер ўринбосари шундай пайтда мигрантларга ёрдам кўрсатишнинг муҳимлиги ҳақида гапириб, бир неча ой аввал ўзбекистонлик муҳожирларга чет давлатларининг ўзида ёрдам кўрсатиш бўйича кўтарилган чақириқларни танқид қилди.

«Кимлигини айтмай қўя қолай. Бир неча ой аввал ўзбек мигрантларига чет давлатларининг ўзида ёрдам кўрсатиш бўйича чақириқлар пайдо бўлди. Таклиф беришда ҳам ўйлаш керак. Хўш, Россияда бир кунлик яшаш харажатлари қанчага тушишини биласизми? Биз мигрантларга бундай пайтда ватанга қайтиш учун етарлича шароит қилиб беришимиз лозим. Мен депутатлардан ижтимоий тармоқлар орқали турли хил популистик чақириқлардан йироқ бўлишларини сўрардим», – дейди Акмал Саидов.

Эслатиб ўтамиз, «Миллий тикланиш» демократик партияси Марказий кенгаши раиси Алишер Қодиров аввалроқ чет элдан ўзбекистонликларни ватанга қайтаришни вақтинча тўхтатиб, уларни турган мамлакатларида даволанишларини молиялаштириш таклифини билдирганди.

«Хориждан ватандошларимизни олиб келишни тўхтатиш, уларни турган мамлакатларида даволанишларини молиялаштириш ҳақида ўйлашимиз керак. Бу биринчи навбатда ўша ватандошимизнинг қариндошларига, қолаверса бутун Ўзбекистонга яхшилик бўлади», — деганди Қодиров.

Янгиликлар