Эрон полицияси ҳижоб сабаб қўлга олинган қизнинг ўлимини бахтиз ҳодиса деб атади

Эронда ҳижобни нотўғри ўрагани учун полиция томонидан ушланган 22 ёшли Маҳса Аминининг ўлими — бахтсиз ҳодиса. Бу ҳақда Катта Теҳрон полицияси бошлиғи Сардор Ҳусайн Раҳимий маълум қилди.

«Полицияга нисбатан қўрқоқларга хос айбловлар илгари сурилди. Биз Қиёмат кунини кутамиз, аммо хавфсизликни таъминлаш бўйича ишларни тўхтата олмаймиз», — дейди Раҳимий.

Унинг сўзларига кўра, полиция томонидан ҳеч қандай, ҳатто «кичик бўлсада» масъулиятсизликка йўл қўйилмаган. «Аминининг ўлими борасида интернетда эълон қилинган барча гаплар — бу мутлақ ёлғон», — дейди полиция бошлиғи.

У полиция ихтиёрида тегишли ҳужжатлар бўлишига қарамай, қизнинг ўлими сабабига изоҳ бермаслигини қўшимча қилган. «Менинг мутахассислигим — бу хавфсизликни таъминлаш, тиббиёт эмас, бу саволга изоҳ бермайман», — дейди Раҳимий.

У фуқароларни «миш-мишларга эътибор бермасликка» чақириб, ҳукуматнинг расмий хабарини кутишга чақирган.

Янгиликлар