Ўзбекистонда экологик қонунбузарликлар содир этган корхоналарга жарималар миқдори оширилади
Ўзбекистонда экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан фойдаланиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликларга йўл қўйган юридик шахсларга нисбатан молиявий санкциялар жорий этилади, деб хабар қилди Адлия вазирлиги.

Киритилган ўзгартиришларга кўра, экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан фойдаланиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун молиявий санкциялар жорий этилиши белгиланди.
Унга кўра, дарёларнинг ўзанларини тозалашга ва қирғоқларини мустаҳкамлашга доир ишларни амалга ошириш тартибини бузганлик учун юридик шахсларга нисбатан атроф-муҳитга етказилган зарарнинг 3 баравари миқдорида жарима тарзидаги молиявий санкциялар қўлланилади.
Хусусан, сувларни ифлослантирганлик, шунингдек сув объектларига оқова сувларни оқизишга йўл қўйиш шартлари тўғрисидаги талабларни бузганлик учун юридик шахсларга нисбатан атроф-муҳитни ифлослантирганлик учун тўланиши лозим бўлган компенсация тўловининг 10 баравари миқдорида жарима тарзидаги молиявий санкциялар қўлланилади.
Юридик шахсларга тегишли бўлган ёки уларга бириктирилган ҳудуддаги дарахтларни муҳофаза қилиш ва сақлашга доир қонунчиликда белгиланган чораларни кўрмаганлик учун юридик шахсларга нисбатан атроф-муҳитга етказилган зарарнинг 5 баравари миқдорида жарима тарзидаги молиявий санкциялар қўлланилади, — дейилади хабарда.
Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан 3 ой ўтгач кучга киради.





