Тошкентда 1,1 миллиард сўмлик ноқонуний спиртли ичимликлар омборхонаси аниқланди
Тошкент шаҳридаги хусусий корхоналардан бирининг омборхонасида муддати ўтган озиқ-овқат маҳсулотлари ва ҳужжатсиз спиртли ичимликлар сақланаётгани аниқланди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
ДХХ Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ва бошқа масъул ташкилотлар билан ҳамкорликда ўтказилган рейд давомида Яшнобод туманидаги икки хусусий корхона омборхонасида қонунбузарлик ҳолатлари аниқланган.
Маълумотларга кўра:
• 79 172 дона салқин ичимлик (429,6 млн сўмлик);
• 3 374 дона алкоголли ичимлик (134,8 млн сўмлик) муддати ўтган ҳолда сақланган.
Шунингдек, 25 746 дона, 1,1 миллиард сўмлик спиртли ичимликлар ҳужжатларсиз сақлангани маълум бўлди.
Текширув давомида айрим салқин ичимликларнинг яроқлилик муддати ўзгартирилгани ва сотувга чиқаришга тайёрлаб қўйилгани аниқланган. Ҳозирда бу маҳсулотлар экспертизага юборилган.
Ҳодиса юзасидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда.