Бухорода ҳоким ўринбосари $12 минг пора билан ушланди

Бухоро вилояти Когон тумани ҳокими ўринбосари пора билан қўлга тушди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар беради.

Маълум бўлишича, Бухоро туманида шартнома асосида деҳқончилик билан шуғулланувчи фермер «Қум Султон» массивида жойлашган экин майдонларига Когон тумани ҳудуди орқали келадиган сув тўхтатиб қўйилгани сабабли, экин ерларини сув билан таъминлашда ёрдам беришини сўраб ушбу ҳоким ўринбосарига мурожаат қилган.

Мансабдор шахс эса экин майдонларига келадиган сувни очиб беришини ва келгусида бу борада муаммо бўлмаслигини айтиб, эвазига 15 минг АҚШ доллари талаб қилган.

Натижада, ушбу шахс ўз хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда, тамагирлик йўли билан 12 минг АҚШ доллари миқдорида пора олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланади.

Ҳозирда туман ҳокими ўринбосарига нисбатан Жиноят Кодексининг 210-моддаси (пора олиш) 2-қисми «б», «в» бандлари билан жиноят иши қўзғатилиб, «қамоқ» эҳтиёт чораси қўлланилди.

Ўзбекистон