Ўзбекистонда ковидга қарши эмланганлар статистикаси сунъий оширилаётгани ҳақидаги хабарга изоҳ берилди

Коронавирусга қарши эмланаётган аҳолининг умумий статистикаси сунъий оширилаётгани ҳақидаги хабарлар асоссиз экани айтилди.

Таъкидланишича, ижтимоий тармоқларда коронавирус инфекциясига қарши эмланмаган фуқарога вакцина олганлик тўғрисида SMS-хабарнома келгани ҳақида видео тарқалди. Унда мурожаат эгаси «Сиз бугун вакцина олдингиз, кейинги вакцинангиз декабрь ойида» деган мазмунда хабарнома олганини айтиб, эмланган аҳолининг умумий статистикаси ошириб кўрсатилаётган бўлиши мумкинлигини билдирган.

Мазкур ҳолат юзасидан соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Абдулла Азизовга қуйидагиларни маълум қилади:

«Ушбу ҳолатга изоҳ беришдан аввал шуни айтмоқчиманки, Соғлиқни сақлаш вазирлиги COVID-19’га қарши эмланиш статистикаси сунъий оширилишидан ҳеч қандай манфаатдор эмас. Аксинча, ҳар бир фуқаро эмлаш жараёнларида фаол иштирок этиб, бу орқали мамлакатимиздаги эпидемик вазиятнинг барқарор бўлиши тарафдоридир. Шу нуқтаи назардан, юқоридаги видеомурожаат эгасининг вакцина олган аҳолининг умумий статистикасига ишончсизлик билдиришига асос йўқ.

Тўғри, айни пайтда фуқароларимизд ‘Коронавирусга қарши эмланганлик тўғрисидаги сертификатни қаердан ва қандай олиш мумкин?’, ‘Қайси вакцинадан сўнг организмда кучли иммунитет ҳосил бўлади?’ каби саволлар билан бирга, эмланганлик ҳақидаги SMS-хабарномалар юзасидан баъзи тушунмовчиликлар юзага келмоқда.

Жумладан, юқоридаги ҳолат каби бугун айрим фуқароларнинг қўл телефонига коронавирусга қарши вакцина олганганлик ҳақида нотўғри SMS-хабарнома юборилмоқда. Аслида эса ўша фуқаро умуман эмланмаган бўлиб чиқяпти. Бу бир қарашда бироз тушунарсиз ҳолат бўлиши мумкин, бироқ ушбу жараёнларда инсон омили иштирок этишини ҳисобга олсак, хатоликлар юзага келиши мумкин.

Яъни ҳозирда эмланаётган аҳолининг шахсий маълумотларини электрон тизимга киритаётган тиббиёт ходими катта ҳажмдаги ахборот билан ишлашига тўғри келмоқда. Қолаверса, баъзи эмлаш пунктларида маълумотлар қоғоз журналларга киритилаётгани боис, масъул ходимнинг хато қилиш эҳтимоли йўқ эмас.

Бундай ҳолатларнинг олдини олиш учун ITMed мобиль иловаси ва @itmeduz_bot саҳифасида ЖШШИР (жисмоний шахсларнинг шахсий идентификацион рақами) ҳамда my.gov.uz портали орқали ЖШШИР ва паспорт маълумотларидан фойдаланган ҳолда фуқароларга вакцина олиш учун электрон навбатга ёзилиш ва эмланганлик сертификатини юклаб олиш имконияти яратилган. Бу эса ҳар томонлама ишончли ва хавфсиздир.

Агар вакцина олувчи фуқарода бундай имконият бўлмаса, ўзининг шахсий маълумотлари ва телефон рақамини эмлаш ҳамширасига тўғри айтганига ишонч ҳосил қилиши керак. Ана шунда юқоридаги каби тушунмовчиликлар юзага келмайди», дейди — деди А. Азизов.

Янгиликлар