Наманганда боғча омбори мудири 5 ёшли тарбияланувчини зўрлаганликда гумонланмоқда

Гумонланувчига нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланган

Ижтимоий тармоқларда Наманган вилоятидаги 5 ёшли тарбияланувчига нисбатан жинсий зўравонлик содир этилгани ҳақида хабарлар тарқалди. Ҳолат юзасидан миллий ижтимоий ҳимоя агентлигида изоҳ берилди.

Мазкур ҳолат 2026-йил 18-сентябрь куни Наманган вилоятидаги мактабгача таълим ташкилотларидан бирида содир бўлгани аниқланган.

Хабар келиб тушиши билан Учқўрғон тумани «Инсон» ижтимоий хизматлар маркази ходимлари боланинг яшаш хонадонига зудлик билан етиб бориб, ҳолатни бирламчи баҳолашдан ўтказган.

Баҳолаш натижасига кўра, бола юқори хавф даражасида экани аниқланган.

Шундан сўнг, «Инсон» маркази ходимлари ички ишлар органлари ва тиббиёт муассасалари билан ҳамкорликда боланинг ҳаёти ва соғлиғига таҳдид солиши мумкин бўлган омилларни бартараф этиш бўйича зарур чораларни кўрган.

Зўравонлик содир этганликда гумонланаётган шахс ички ишлар органлари томонидан қонунчиликда белгиланган тартибда ушланган.

Гумонланувчига нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланган. Ҳозирда жиноят иши доирасида дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ҳозирда бола ва унинг онаси психологик, тиббий ва ҳуқуқий ёрдам билан қамраб олинган, шунингдек, зарур ижтимоий хизматлар ташкил этилган.

Ўзбекистон