Ўзбекистонда фуқароларнинг маъмурий органлар қарорларига ишончи қонун билан ҳимоя қилинади
«Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида»ги қонун янги таҳрирда қабул қилинмоқда.
Маълум бўлишича, янги лойиҳада маъмурий тартиб-таомилларнинг асосий принциплари қаторига ўзбошимчаликни тақиқлаш, ваколатнинг суистеъмол қилинишини таъқиқлаш, ҳуқуқни қўллашни рад этишга йўл қўймаслик принциплари киритилмоқда.
Қайд этилишича, қонундаги ишончнинг ҳимоя қилиниши принципи янги таҳрирда баён этилмоқда. Яъни манфаатдор шахслар маъмурий органлар қарори ва ҳаракатларининг тўғрилиги презумциясидан келиб чиқишга ҳақли.
Шунингдек, Маъмурий орган томонидан йўл қўйилган хато виждонан ҳаракат қилувчи манфаатдор шахс учун номақбул оқибатларни келтириб чиқармаслиги айтилган. Манфаатдор шахсларнинг маъмурий органлар ёзма тушунтириши ва расмий баёнотига бўлган ишончи қонун билан қўриқланади.
«Масалан, сиз ҳокимнинг қайсидир қарори, баёноти ёки расмий кафолатига ишониб, ҳаракат қилдингиз. Бироқ вақт ўтиб, бу хато, деб шунча қилган ишларингизни чиппакка чиқаришмоқчи. Сиз эса уларга ишониб, виждонан ҳаракат қилгансиз. Энди бу ўринда сизни ҳокимнинг қарори, баёноти ёки кафолатига бўлган ишончингиз қонун билан ҳимоя қилинади ва зарарингизга қарор қабул қилинмайди. Қонун депутатлар томонидан қабул қилиниб, Сенатга юборилди», — дейилади хабарда.