Тошкентда иситиш мавсуми босқичма-босқич якунланади
Пойтахтда ҳаво ҳароратининг барқарорлашгани сабабли, шаҳар иситиш даври режали якунлашга ўтмоқда, деб Тошкент ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Мавсумни якунлаш тўғрисидаги қарор об-ҳаво шароитларини инобатга олган ҳолда пухта ўйлаб қабул қилинди. Аҳоли учун қулайлик яратиш мақсадида келгуси байрам кунлари иссиқлик таъминоти сақлаб қолинади, — дейилади хабарда.
Иситиш мавсумини якунлаш 24-мартдан бошланиши режалаштирилган ва у босқичма-босқич амалга оширилади. Бундай ёндашув турар жой биноларида ҳароратнинг кескин ўзгаришига йўл қўймайди ҳамда муҳандислик тизимларининг барқарор ишлашини таъминлаши билдирилди.
Аҳоли байрам кунларини оила даврасида қулай ва хавфсиз ўтказиши учун шаҳар хизматлари байрам кунлари ҳам кучайтирилган тартибда ишлашни давом эттиради. Шу билан бирга, об-ҳаво шароити ва иссиқлик таъминоти тизимларининг фаолияти доимий кузатиб борилади ҳамда зарурат туғилганда тезкор чора кўриш учун шай ҳолат таъминланади.





