Ўзбекистондан 12 млрд сўмдан ортиқ қийматли олтинни олиб чиқмоқчи бўлганлар ушланди
Ўзбекистонда 12 млрд сўмдан ортиқ қийматли олтинни олиб чиқилишига чек қўйилди. Бу ҳақда давлат Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.

Хусусан, Андижон вилоятининг Хўжаобод туманида ўтказилган тезкор тадбирда, «Дўстлик» чегара божхона пости яқинида Фарғона вилоятида яшовчи, шахс тўхтатилиб, унга тегишли хўжалик қопи холислар иштирокида кўздан кечирилади.
Натижада, қоп ичидаги 3 дона темир қопламали автомобиль эҳтиёт қисмлари махсус воситалар ёрдамида бўлакларга ажратилганда, уларнинг ичига жами 7 кг 784 г олтин бўлаклари яширилганлиги маълум бўлади.
Баҳолаш хулосасига кўра, ушбу олтин қуймаларнинг умумий қиймати 12 млрд 465 млн 795 минг сўмни ташкил этган.
Аниқланишича, мазкур фуқаро Тошкент шаҳридан юборилган олтинларни Қирғиз Республикасида қабул қилиб оладиган шахсга юк автотранспорт воситалари ҳайдовчилари орқали божхона назоратидан яширган ҳолда етказиши керак бўлган.
Ҳозирда унга нисбатан Жиноят Кодексининг 25,182-моддаси 2-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, «қамоқ» эҳтиёт чораси қўлланилди.
Тергов ҳаракатлари доирасида ушбу қимматбаҳо металлни ҳақиқий эгаларининг шахсини аниқлаш бўйича чоралар кўрилмоқда.





