Украина асирдаги шимолий кореяликни яна сўроқ қилди
Украина президенти Владимир Зеленский Курск вилоятида асирга олинган шимолий кореялик ҳарбийларнинг сўроқ қилиниши акс этган навбатдаги видеони эълон қилди.
Видеода КХДР ҳарбийси таржимон орқали Украина махсус хизматлари вакилларининг саволларига жавоб бермоқда. Видео қачон ва қаерда суратга олингани номаълум. У юздан ортиқ ватандоши билан Россияга кемада келгани, кейин уларни поездда олиб кетишганини таъкидлаган.
Шимолий Кореядан келган бир неча аскар Россия оғир қуролларидан фойдаланишни ўрганди, лекин ўзим бундай тайёргарликдан ўтмаганман, деди у.
Йигитнинг айтишича, у разведка батальонида хизмат қилган. Уларни Россияга олиб келган кема ҳарбий эмас, юк ташувчи бўлганини айтди. КХДР ҳарбийси мактабни тугатгандан сўнг, 17 ёшида армияга хизматга боргани ва Шимолий Кореядан ташқаридаги дунё ҳақида жуда кам маълумотга эга бўлганини таъкидлаган. У шимолий кореялик ҳарбийлар орасида урушда жароҳатланганлар сони кўплигини қайд этган.
Разведка маълумотларига кўра, ҳарбийларнинг Россия ҳудудига кўчирилиши, уларнинг ўқитилиши ва ахборот изоляциясига дучор қилингани асирларнинг сўзлари билан тасдиқланади, деди Зеленский.
УХХнинг аниқлик киритишича, 2005 йилда туғилган ҳарбий асирлардан бири 2021 йилдан бери КХДР армиясида ўқчи сифатида хизмат қилган. 1999 йилда туғилган иккинчи аскар эса 2016 йилдан бери мамлакат армиясида мерган-разведкачи бўлган.