Таркибида кучли таъсир қилувчи моддалар бор оздирувчи қаҳвалар савдоси аниқланди
Бухорода таркибида сибутрамин каби кучли таъсир қилувчи моддалар бўлган минглаб оздирувчи қаҳвалар мусодара қилинди. Бу ҳақда ДХХ хабар берди.
Давлат хавфсизлик хизмати ва Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ходимлари томонидан Ғиждувон туманида ўтказилган тезкор тадбир давомида ноқонуний оздирувчи дори воситалари савдоси фош этилди.
Аввал судланган фуқаронинг яшаш хонадони холислар иштирокида кўздан кечирилганда, чет элда ишлаб чиқарилган, божхона расмийлаштирувидан ўтмаган ва тасдиқловчи ҳужжатлари бўлмаган катта миқдордаги маҳсулотлар аниқланган. Улар орасида Keto Coffee Mix Slim Coffee, SLT Slim Lux Coffee, Hoodia Cactus Slimming Coffee, Reduksin Layt, Sinzisho Plus ва бошқа турдаги жами 100 мингдан ортиқ қадоқдаги маҳсулотлар бўлган.
Экспертиза хулосасига кўра, маҳсулотларнинг таркибида сибутрамин моддасининг борлиги аниқланган. Мазкур модда Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йилдаги қарорига асосан кучли таъсир қилувчи моддалар рўйхатига киритилган.
Мазкур ҳолат юзасидан фуқаро устидан Жиноят кодексининг 251-1-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилди.
Ҳозирда дориларнинг қаердан ва қандай йўллар билан олиб кирилгани юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.