Бухорода туман соғлиқни сақлаш бўлими раҳбари $11,8 минг пора билан ушланди 

Соғлиқни сақлаш бўлими бошлиғига нисбатан жиноят иши қўзғатилди

Бухоро вилоятида коррупция ҳолатлари аниқланди, деб хабар беради Давлат хавфсизлик хизмати.

Хусусан, ушбу вилоят туманлардан бирининг соғлиқни сақлаш бўлими ҳамда дори-дармон ва тиббий буюмлар улгуржи савдоси билан шуғулланувчи МЧЖ ўртасида 1 млрд 2 млн сўмлик шартнома тузилиб, тиббий буюмлар харид қилинган.

Дастлаб, умумий сумманинг 30% МЧЖ ҳисоб рақамига ўтказиб берилган. Аммо, туман соғлиқни сақлаш бўлими мудири қолган 70% маблағни кўчириб бериш ҳамда келгусидаги харидларни ҳам ушбу МЧЖ орқали амалга ошириш эвазига юқоридаги шартномада кўрсатилган маҳсулотлар умумий қийматининг 15%, яъни 150 млн сўм миқдорида «улуш» талаб қилган.

Натижада, ўтказилган тезкор тадбирда мансабдор шахс сўралган пул маблағи ҳисобидан 11800 АҚШ долларини ўзининг турмуш ўртоғи орқали олган вақтида унинг ноқонуний ҳаракати фош бўлади.

Шунингдек, у жорий йилда тумандаги оилавий поликлиникалар ходимлари учун ярмини қайтариш шарти билан жами 448 млн сўм миқдорида рағбатлантириш маблағлари ажратиб, ушбу сумманинг 92 млн сўм қисмини қайта йиғиб олганлиги ҳам аниқланди.

Ҳолат юзасидан соғлиқни сақлаш бўлими бошлиғига нисбатан Жиноят Кодексининг 210-моддаси (пора олиш) 2-қисми «б», «в» бандлари ва 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 2-қисми «г» банди билан, МЧЖ вакилига эса 211-модданинг (пора бериш) 2-қисми «б» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ўзбекистон