Сурхондарё ҳокимлиги Ўзбекистон-Афғонистон чегарасидаги тутунга изоҳ берди

Ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон-Афғонистон чегарасида ёнғин содир бўлганини акс эттирувчи видео тарқалди. Сурхондарё вилояти ҳокимлиги вазият юзасидан изоҳ берди.

Берилган маълумотларга кўра, Ўзбекистон ва Афғонистон чегарасидаги нейтрал ҳудудда, Амударё ўртасидаги кичик оролчаларда режалаштирилган тарзда қамишзорларни ёқиш ишлари бошланган. Бу тадбир тегишли идораларнинг рухсати билан амалга оширилмоқда.

Ҳокимият шу йўл билан зарарли ҳашаротлар ва юқумли касалликлар тарқалишининг олдини олишга интилмоқда. Мутахассислар ёниш жараёни ва унинг кўламини назорат қилиб турибдилар.

Фуқаролар ваҳимага тушмасликка, ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари эса асоссиз маълумотларни тарқатмасликка чақирилди.

Ўзбекистон