Таиланд ва Мьянмада кучли зилзила содир бўлди

Мьянмада 28 март куни 7,7 магнитудали кучли зилзила содир бўлди. Ер силкинишлари Таиландда ҳам қайд этилди. Бу ҳақда Reuters хабар берди.

АҚШ геология хизматига кўра, зилзила эпицентри Мандалай шаҳридан (Мьянма) 17,2 километр узоқликда ва чуқурлиги 10 километр. Мьянманинг Янгон шаҳрида қурбонлар ва вайронагарчиликларни текшириш учун қидирув ишлари бошланган. Ҳозирча бу бўйича бошқа маълумот йўқ. Мьянмада биринчи силкинишдан 12 дақиқа ўтиб 6,4 магнитудали кучли зилзила қайд этилгани айтилмоқда.

Таиланд пойтахти Бангкокда ҳам ер силкинишлари қайд этилган, қурилаётган бинолардан бири қулаб тушган. Уларнинг остида камида 43 нафар ишчи қолиб кетган. Мамлакатда аэропортлар ва метро фаолияти вақтинчалик тўхтатилган. 

Аҳоли зич жойлашган Бангкокнинг марказий қисмида қўрқиб кетган аҳоли кўп қаватли бинолардан чиқишни бошлаган. Зилзила кучи сабабли баланд бинолардаги ҳовузлардан сув тошиб кетган.

Воқеа жойига дарҳол қутқарувчилар етиб келган. Касалхоналардан беморлар эвакуация қилиниб, тўғридан-тўғри кўчаларга, бинолардан узоққа жойлаштирилган. Жиддий вайронагарчиликлар ва жабрланганлар ҳақида маълумот берилмаган.

Жаҳон