Бухорода ҳоким ёрдамчиси $6 минг пора билан ушланди

Бухоро вилоятида ҳоким ёрдамчиси катта миқдордаги пора олаётганда қўлга тушди. Бу ҳақда давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.

Хусусан, Бухоро вилояти Пешку туманида яшовчи тадбиркор маҳалла фуқаролар йиғинидаги ҳоким ўринбосарининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари ҳақида жорий йилнинг 10 сентябрь куни ариза билан мурожаат қилди.

Унга кўра, ҳоким ёрдамчиси ўз хизмат мавқеидан фойдаланиб, ҳокимият захирасидаги 7 сотих ер майдонини «К-савдо» автоматлаштирилган ахборот тизимига жойлаштириб, онлайн аукцион савдолари орқали сотиб олиб бериш эвазига фуқародан 6 минг АҚШ доллари талаб қилган.

Ўтказилган тезкор тадбирда ҳоким ёрдамчиси тамагирлик йўли билан 6000 АҚШ доллари миқдоридаги порани учинчи шахс орқали олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди, — дейилади хабарда.

Ҳозирда унга нисбатан Жиноят Кодексининг 210-моддаси 2-қисми «в» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, «қамоқ» эҳтиёт чораси қўлланилди. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ўзбекистон