Тошкентда тикувчилик корхонаси омбори ёниб кетди
Тошкент шаҳрининг Учтепа туманидаги тикувчилик корхонаси омборида ёнғин юз берди. Бу ҳақида ФВБ матбуот хизмати хабар берди.
Mаълум қилишича, Учтепа тумани, “Тақачи” МФЙ Тақачи кўчасида жойлашган тикувчилик корхонасининг омборида ёнғин бўлаётгани тўғрисидаги хабар 27 январь куни соат 21:33 да келиб тушган. Ёнғин қутқарув экипажлари айтилган манзилга соат 21:40 да етиб бориб, ёнғин соат 22:22 да қуршаб олинган ва соат 01:41 да ўчирилган.
Ҳодиса оқибатида ҳалок бўлган ва жабрланганлар йўқ. Ҳозирда ёнғин сабаби ва келтирилган моддий зарар аниқланмоқда.
Воқеа жойига Тошкент шаҳар ФВБ раҳбарияти ҳамда масъул ташкилотларнинг вакиллари чиққан.